Ссылки доступа

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонидаги “аксилтеррор амалиёти”: Ҳалок бўлди - 8, яраланди - 11, асирга олинди - 70


Рушанский район ГБАО. Архивное фото
Рушанский район ГБАО. Архивное фото

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида ўтказилган “аксилтеррор амалиёти” пайтида “саккиз жангари йўқ қилингани” ва “11 киши яралангани”ни маълум қилди. Маҳаллий нашрлар минтақада отишмалар давом этаётганини ёзмоқда.

Тожикистон ҳукумати 18 май куни эрталаб тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирган эди. Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида таъкидланишича, “аксилтеррор амалиёти” ўтказилишига Рушан туманида ҳарбийлар ва Хоруғ йўлини тўсишга ҳаракат қилган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юзага келгани сабаб бўлган.

“200 кишидан иборат жиноий гуруҳ ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадида Душанбе-Хоруғ автойўлининг Рушан туманидан ўтувчи уч қисмини ноқонуний равишда тўсиб қўйган. Жиноий гуруҳлар бу йўлни хориждан қурол ва ўқ-дори етказиб берилишини таъминлаш мақсадида тўсиб қўйишни режалаштириб келган. Бир марта огоҳлантириш берилганига қарамасдан жиноий гуруҳ аъзолари қуролларини ташлашдан бош тортди ва конституциявий тузумга қарши ҳаракатини давом эттирди. Сўнгра улар террорчиликка ўтишди. Фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари аксилтеррор амалиётини бошлади. Натижада террорчи гуруҳнинг 8 жангариси йўқ қилинди, 11 нафари ярадор бўлди, 70 нафари асирга олинди. Жабрланганлар орасида маҳаллий аҳоли йўқ эканини алоҳида таъкидлаймиз”,-дейилади Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида.

Амалиёт пайтида Тожикистон хавфсизлик кучларининг бир зобити ҳалок бўлган ва 13 нафари яраланган.

Аввалроқ Pamir Daily News нашри Телеграм-каналида хавфсизлик кучлари билан маҳаллий аҳоли ўртасида отишма содир этилганини ёзган. Нашр маҳаллий аҳолига таянган ҳолда бир вертолёт уриб туширилганини, ўнга яқин киши ҳалок бўлганини билдирган.

Ички ишлар вазирлиги бу воқеага чет элдан келган кучлар аралашганини, жиноий гуруҳга қурол чет элдан етказиб берилганини, террор ва провокация ҳаракатларини амалга ошириш учун жангарилар ёлланганини маълум қилмоқда.

16 май оқшомида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хоруғдаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган эди. Озодлик тожик хизматининг ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса чоғида бир киши нобуд бўлган, уч киши тан жароҳати олган.

Хабарга мувофиқ, душанба кунги акцияни тарқатиш чоғида 30 ёшли Замир Назаршоев вафот этган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.
Хоруғдаги митинг расмийлар мухтор вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва шаҳар мэри Ризо Назарзодани истеъфога чиқариш, вилоятдаги барча блокпостларни олиб ташлаш ҳамда бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатишга оид талабларни кўриб чиқишни рад этишгани ортидан бошланган.

XS
SM
MD
LG