Ссылки доступа

959 нафар Украина аскари «Азовсталь»дан олиб чиқилди


Мариуполдаги «Азовсталь» заводи ҳудудини тарк этган украиналик ҳарбийлар Донеск яқинидаги Еленовка қишлоғидаги собиқ колонияга олиб кетилди, дея хабар бермоқда Reuters воқеа гувоҳларига таяниб.

Ушбу муассаса россиялик ҳарбийлар ва сепаратист «ДНР» вакиллари назоратида.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Азовсталдан жами 959 нафар аскар олиб чиқилган, улардан 51 нафари ярадор бўлиб, Донеск вилоятидаги Новоазовск госпиталига етказилган.

Агентлик 17 май куни кечқурун украиналик ҳарбийлар бўлган камида етти автобус россияпараст қуролли кучлар ҳамроҳлигида Мариуполдаги «Азовсталь» заводи ҳудудидан чиқиб кетганини маълум қилди.

Украина қуролли кучлари бош штаби 17 майга ўтар кечаси Мариуполдаги «Азовсталь» заводидан ҳарбийларни «қутқариш операцияси» ўтказилганини маълум қилганди, у ердан 264 киши чиқариб кетилган. Улар «айирбошлаш жараёни орқали» Украинага юборилиши айтилганди. Украина президенти Владимир Зеленский кечки мурожаатида «украин қаҳрамонлари Украинага соғ-омон ҳолда керак»лигини ва уларни қайтариш ишлари «эҳтиёткорлик ва вақт талаб қилиши»ни таъкидлаганди.

Украиналик ҳарбийлар «Азовсталь»ни қарийб 2 ой мобайнида ушлаб турган. Россия президенти апрель охиридаёқ заводга ҳужумларни тўхтатиб, уни қамалга олишни буюрганди, аммо ўт очишлар давом эттирилган. Зеленский Мариуполдаги украин ҳарбийларининг ўлдирилиши Россия билан тинчлик музокараларига нуқта қўйишини айтганди.

XS
SM
MD
LG