Ссылки доступа

Ғарб давлатларининг элчилари Тоғли Бадахшон воқеалар юзасидан баёнот берди


Хорог. 16 мая 2022

Қатор Ғарб давлатларининг Тожикистондаги элчилари Тоғли Бадахшондаги ички таранглик, шиддатли тўқнашувлар ва қурбонлар ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотир билдирди.

Хоруғда аҳоли ва ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувлар ва Рушон туманидаги «аксилтеррор операцияси»да расмий маълумотларга кўра, 10 киши ҳалок бўлган, 27 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлардан бири аскар. Шунингдек, 70 дан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган.

Европа Иттифоқи делегацияси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг Душанбедаги элчихоналари 18 май куни қўшма баёнот чиқариб, томонларни «эскалацияни пасайтириш, вазминлик ва ҳаддан ташқари куч ишлатишдан тийилиш»га чақирди.

«Биз Тожикистон Республикаси ҳукуматини ҳуқуқ-тартибот идоралари қатъий қонун устуворлиги асосида иш олиб боришини ҳамда хавфсизлик инқирози шароитида ҳам инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлашга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Элчиларнинг таъкидлашича, «фуқаролар ва журналистларни қўрқитиш ва жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги хабарлар, шунингдек, маълумотларга киришнинг кенг кўламли чекланиши кескинликни тезда пасайтириш ва нормал ҳолатга қайтиш истиқболларини бузади».

Тожикистон расмийлари бу баёнотга ҳозирча жавоб бермаган.

Ғарб элчилари инсонларнинг қурбон бўлганидан чуқур афсусда эканликларини айтиб, уларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирдилар. «Биз қурбонлар, жумладан, маҳаллий аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳамдардмиз. Хулоса қилиб айтганда, биз барчани очиқ мулоқотга ва вазиятни кескинлаштиришнинг энг тезкор йўлини топишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

14 майдан буён ТБМВда вазият кескинлашди, бир неча юзлаб хоруғликлар Бархороғ шаҳрида норозилик намойиши ўтказиб, вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва шаҳар ҳокими Ризо Назарзоданинг истеъфосини, йўлдаги барча тўсиқларни олиб ташлашни талаб қилдилар.

Намойишчилар расмийларга ўз талабларини кўриб чиқиш учун 16 май соат 16:00 га қадар вақт беришган. Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳокимияти намойишчилар талабларини ноқонуний деб атаган вилоят раҳбари ва Хоруғ ҳокимининг истеъфосини кўриб чиқишдан бош тортгач, душанба куни маҳаллий ёшларнинг катта гуруҳи вилоят ҳокимлиги томон йўл олди. Чинак шаҳри яқинида уларни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кутиб олиб, резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

18 май куни эрталаб Тожикистон ҳукумати ТБМВнинг Рушон туманида «аксилтеррор операцияси» бошланганини эълон қилди, Хоруғда, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳукумат қўшинлари ва йўлни тўсиб қўйган аҳоли ўртасида тўқнашув бўлган.

Минтақа билан телефон ва интернет алоқаси узилишидан аввал маҳаллий аҳолининг Озоди радиосига айтишича, намойишчиларда қурол йўқ, қурбонлар тинч аҳоли бўлган.

«200 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳлар Рушон вилояти марказида 3 нуқтада барча турдаги қуролларни қўллаган ҳолда Душанбе-Хороғ автомобиль йўли ва чегара комендатурасигача бўлган йўлни тўсиб қўйган. Мазкур факт бўйича вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди 18 май куни Тожикистон ИИВ матбуот хизмати.

Гувоҳларнинг айтишича, бир гуруҳ ёш маҳаллий аҳоли Хоруғ томон ҳарбий техника ҳаракатига тўсқинлик қилишга уринган.

XS
SM
MD
LG