Ссылки доступа

Қирғизистонда Асман шаҳрининг қурилиш майдони ўзгарди


Иссиқкўл вилоятида Асман шаҳри қурилиши режалаштирилган жой ўзгартирилди. Бу ҳақда Озодликка Президент ҳузуридаги Инвестиция агентлиги директори Равшанбек Собиров маълум қилди.

«Қурилиш режалаштирилган ҳудуд биосфера зонасига киритилган. Шундай қилиб, биз уни 10 километрга кўчирдик. Маълум бўлишича, ҳозир бу жой Тўру-Айғир қишлоқ ҳукумати билан Тамчи аэропорти оралиғида, аэропортга 10-12 километр яқинроқда жойлашган», — деди Собиров.

Унинг қўшимча қилишича, бўлажак шаҳарнинг майдони ўзгаришсиз қолади — 4000 гектар. Унинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун Туркия ва Франция инвесторлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Иссиқкўл қирғоғида экологик тоза Асман шаҳрини қуриш ғояси Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти томонидан 2021 йил июль ойида тақдим этилган эди. Октябрь ойида Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Асман» қурилиши бўйича давлат дирекцияси ташкил этилишини эълон қилди, лойиҳа қонун билан рухсат этилган бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши таъкидланган эди.

Бир қатор фуқаролик фаоллари бу лойиҳага қарши чиқдилар ва «Асман шаҳри қурилишига қарши» ҳаракат туздилар. Уларнинг фикрича, Иссиқкўл ва унга туташ ҳудуд биосфера зонаси ҳисобланади ва шунинг учун шаҳар қурилиши экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан улар мамлакат раҳбариятига ва Қирғизистон Республикаси Бош прокурорига Асман қуриш ғоясидан воз кечиш илтимоси билан мурожаат қилишган.

XS
SM
MD
LG