Ссылки доступа

Наманганда ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиб келган йигит Қирғизистонга қочиб кетаётганида ушланди (видео)


Наманганлик 22 ёшли фуқаро Telegram тармоғи орқали ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишда гумонланади ва ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг телефонини текшириш учун олиб қўяди. Бундан хавфсираган айбланувчи Фарғона орқали Қирғизистонга қочиб кетишга уринганида ушланди.

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида интернет тармоғи орқали ақидапарастлик ғоялари сингдирилган материалларни тарқатиш билан шуғулланган шахс фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 й.т. фуқаро «Ж.А.» Telegram мессенжери орқали Россия Федерациясида ишлайдиган «Шуҳрат» исмли шахс билан танишиб, диний мавзуларда ўзаро ёзишмаларни амалга оширади.

Янги таниши эса унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган «Абу-Салоҳ», «Абдуллоҳ Зуфар», «Содиқ Самарқандий» ва бошқаларнинг аудио, видео маърузаларини юбора бошлайди.

«Натижада „Ж.А.“ Telegram мессенжерида канал очиб, унинг аъзоларига ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган электрон китоблар, фото, аудио, видео материалларни тарғиб қилади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ДХХ маълумотида келгусида у ҳижрат қилиш мақсадида қуролдан ўқ отиш бўйича тайёргарлик кўргани ҳам қўшимча қилинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида «Ж.А.» ҳуқуқ-тартибот идораларига чақиртирилиб, унинг мобиль алоқа воситаси текшириб кўриш мақсадида олиб қолинади.

Сўнгра «Ж.А.» эски телефони орқали «Шуҳрат» билан боғланиб, бўлган воқеани айтганида, «Шуҳрат» ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уни қўлга олиши мумкинлигини айтиб, зудлик билан Қозоғистонга чиқиб кетиши кераклигини билдиради. Шундан кейин «Ж.А.» Тошкент вилоятига бориб, «Ғишт-кўприк» халқаро ўтказиш пунктидан Қозоғистон Республикасига ўтишни режа қилади.

«Шу куни кечқурун уйдан чиқиб Черняевкага бордим. Йўлда ҳайдовчи билан гаплашганимда Қозоғистонга [хорижга чиқиш паспортисиз] ўтиб бўлмаслигини айтди. Кейин Фарғонага қайтиб бордим», — деди гумонланувчи.

Шундан кейин «Шуҳрат» билан қайта боғланиб, ундан Фарғона вилоятининг Қува туманига бориш ҳамда у ердан айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтиб кетиш топшириғини олади. Шунингдек, «Шуҳрат» унга Қирғизистонга чиқиш йўлларини ҳам ўргатади. «Фарғонанинг Қува туманида Қирғизистонга ўтса бўлади. Анорзор бор, у чегарага яқин. [Шуҳрат] билдирмай ўтишга ҳаракат қилиб кўрасиз деди», — дея сўзлаб берди айбланувчи.

Натижада «Ж.А.» «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган вақтида қўлга олинади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра, «Ж.А.» томонидан «Телеграм» мессенжери орқали тарқатилган материаллардаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади, дейилади хабарда.

Унинг содир этган ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди ва жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан «Ж.А.»га нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

XS
SM
MD
LG