Тоғли Бадахшон аҳолисининг таъкидлашича, Тожикистон хавфсизлик кучларининг Рушондаги операциясидан мақсад норозилик намойишини бостириш бўлиб, унда Тожикистонни ХХР билан боғловчи Душанбе-Кулма автомобиль йўли тўсиб қўйилган.
Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот марказининг 19 май куни «Ховар» сайтида эълон қилинган хабарида айтилишича, операция давомида 24 та «Калашников» автомати, 5 та автомат, 18 та турли маркадаги тўппонча, «ТОЗ-18» русумли милтиқ, 11 дона «Ф-1» қўл гранаталари, 86 дона “Молотов коктейли» , 3 килограмм тротил, 15 дона радио ва 53 дона телефон олиб қўйилди.
«Улар экстремистик террористик ташкилот аъзолари томонидан қидирувда бўлган Алим Шерзамонов ва унинг шериклари Холбаш Холбашев ва Улфатҳоним Мамадшоевалар кўрсатмаси ва молиялаштириши билан давлат хавфсизлигига, конституциявий тузум асосларига путур етказиш, тўсиқлар яратиш мақсадида қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан таъминланган», — дейилади хабарда. Улфатҳоним Мамадшоева Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари собиқ ходими Холбаш Холбашовнинг собиқ рафиқаси.
Бир кун аввал Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 18 май куни Рушон туманида ўтказилган «аксилтеррор операцияси» чоғида 8 киши ҳалок бўлгани, 11 киши яралангани ҳақида хабар берган эди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, 21 киши ҳалок бўлган.