Ссылки доступа

Бишкекдаги иқтисодий форумга ЕОИИ давлат раҳбарларидан фақат Тўқаев келади


26 май куни Бишкекда Евросиё иқтисодий форуми иш бошлайди. Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Арзибек Қўжўшевнинг сўзларига кўра, форум ЕОИИ ташкил этилганидан бери биринчи марта ўтказилади.

Унинг қайд этишича, Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари тадбирда офлайн режимда, қолганлари эса видеоконференция орқали иштирок этади. Форумда ЕОИИ аъзоларидан ташқари яна 10 та давлат иштирок этади, унда иштирок этиш учун 1700 дан ортиқ киши рўйхатдан ўтган.

Форум дастуридан «Глобал ўзгаришлар даврида Евросиё иқтисодий интеграцияси. Инвестицион фаолият учун янги имкониятлар» мавзусида ЕОИИ давлатлари раҳбарлари иштирокидаги ялпи мажлис ва турли мавзуларда 6 та панель сессияси ўрин олган.

Кожошевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасида ҳам икки томонлама учрашув бўлиб ўтади. Кутилишича, томонлар, жумладан, икки давлат чегарасида юк ташиш жараёнида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида «Оқ-Тилек» назорат-ўтказиш пунктида юк машиналарининг катта навбати ҳосил бўлган эди. Бишкек Қозоғистонни «юк ташиш жараёнида ЕОИИ шартларига риоя қилмаслик»да айблади. Айни вақтда «Оқ-Тилек» назорат-ўтказиш пунктида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Арзибек Кожошев ва Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Бахит Султоновнинг учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралардан сўнг назорат-ўтказиш пунктларида навбат камайди.

Бироқ май ойида Қозоғистон Қирғизистон билан чегарада юк машиналарининг ўтиши устидан назоратни кучайтириш ниятида эканини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG