Ссылки доступа

Рушондаги аксилтеррор операцияси қурбонларининг жасади яқинларига топширилди


Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Рушан туманида ўтказилган «аксилтеррор операцияси» 21 нафар қурбонларининг жасади 19 май куни яқинларига топширилди, дея хабар беради маҳаллий аҳоли. Аввалроқ 17 нафар жасаднинг қариндошларига топширилгани ҳақида хабар берилган эди.

Бир кун аввал Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 18 май куни Рушон туманида ўтказилган «аксилтеррор операцияси» чоғида 8 киши ҳалок бўлгани, 11 киши яралангани ҳақида хабар берган эди. Ҳуқуқ-тартибот идораси ҳалок бўлган, яраланган ва қўлга олинганларни «террорчи гуруҳнинг фаол аъзолари» деб атайди.

Тоғли Бадахшонда алоқа ва интернет йўқлиги, шунингдек, ОАВ вакилларининг вилоятга бориши тақиқлангани сабабли 20 дан ортиқ рушонликларнинг ўлими ҳақидаги маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмаяпти.

Суҳбатдошларимиздан бирининг айтишича, маҳаллий аҳолидан Ардашер Муносибов, Эҳсон Музробов, Нусрат Завқибеков ва Мунир Насруллобековларнинг жасадлари Дерзуд қишлоғига етказилган.

Тўртта жасад ҳам яланғоч эди, дейди рушонликлардан бири. Бошқа манбаларга кўра, ўлганларнинг жасадларида калтак ва қийноқлар излари бўлган. Жасадлар Лерзуд қишлоғидаги майдонга олиб борилган.

Суҳбатдошларимизга кўра, ярадорларнинг бир қисмини қутқариб қолиш мумкин эди, бироқ расмийлар операция жойига яқинлашишни тақиқлаган. Улардан баъзилари қон йўқотишдан вафот этган, деди маҳаллий аҳолидан бири.

Тожикистон ички ишлар вазири ўринбосари Абдураҳмон Аламшозода минтақавий Бадахшон телевидениеси орқали сўзлаган нутқида “Рушонда вазият тинч, Бош прокуратура вакиллари тергов ҳаракатлари ўтказа бошлагани»ни айтди.

Бироқ, хабарларга кўра, Тоғли Бадахшон маъмурий маркази Хоруғда вазият ташвишлилигича қолмоқда.

Аҳолининг хабар беришича, Хоруғга олиб борувчи барча йўллар тўсиб қўйилган, давлат муассасалари, мактаб ва университетлар тўрт кундан бери ёпилган, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган. «Бозорларда озиқ-овқат етишмайди. Шаҳар осмонида вертолётлар айланиб юрибди. Хитой ва Тожикистон ўртасидаги автомагистралнинг бир қисми бўлган Душанбе-Хороғ йўли тўсиб қўйилди», — деди исмини ошкор қилишни истамаган маҳаллий аҳолидан бири.

XS
SM
MD
LG