Ссылки доступа

Ўзбекистон уран захираси бўлган яна саккизта янги конни ўзлаштиришга чоғланмоқда


Ўзбекистонда ишлаб чиқилажак геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур доирасида 2022-2026 йилларда 8 та янги уран кони очилади.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишув чоғида билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилган.

Кечаги тақдимотда мутасаддилар нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот беришган. Президент топшириғига кўра, бу борада умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган.

Мирзиёев бу лойиҳалар билан чегараланмасдан, юқорироқ марра олиш кераклигини таъкидлаган.

“Шу мақсадда 2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади”, дейилган хабарномада.

Айни пайтда тадбир чоғида “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиб, технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

XS
SM
MD
LG