Ссылки доступа

WSJ: Украина ғалласини транзит қилиши эвазига Беларусдан санкциялар вақтинча ечилиши мумкин


Қўшма Штатлар Украина ғалласи Беларусь ҳудуди орқали транзит қилиниши эвазига Беларуснинг калийли ўғитларига нисбатан жорий этилган санкцияларни вақтинча бекор қилиши мумкин, дея хабар қилди The Wall Street Journal.

Нашр манбаларига кўра, санкцияларни олти ой муддатга тўхтатиб туриш муҳокама қилинмоқда. Украина донини эса темир йўл транспортида Беларусь орқали Латвиянинг Клайпеда бандаргоҳига етказиш мўлжалланган.

Аввалроқ WSJ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ғалла юкланган кемаларни Украина портларидан чиқариши эвазига Россия ва Беларусь калийли ўғитлари экспортига нисбатан жорий этилган чекловларни юмшатишни таклиф қилгани ҳақида ёзган. Россия ТИВ эса бунинг учун аввало Россия экспортини санкциялардан озод қилиш масаласи кўрилиши лозимлигини таъкидлаган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 май куни БМТ Хавфсизлик кенгашидаги чиқишида Россияни украин портларини очишга чақирган. Унга кўра, “озиқ-овқатни қурол ўрнида қўллаш қарори Москвада ва фақат Москвада олинмоқда”. Давлат котиби Украина элеваторларида экспорт қилишга мўлжалланган қарийб 20 миллион тонна ғалла мавжудлигини урғулаган.

Украинага Қора денгиз орқали озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини қайтадан йўлга қўйишга имкон берувчи “чора-тадбирлар мажмуи” устида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иш олиб бормоқда.

“Дунёда ҳаммага етарли озиқ-овқат мавжуд. Муаммо уни етказиб беришда бўлиб, бу масала Украинадаги урушга чамбарчас боғлиқдир”, дея қайд этган Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.

XS
SM
MD
LG