Ссылки доступа

Зеленский: Россия бомбардимонлари Донбассни вайрон қилмоқда


Украина президенти Владимир Зеленский Россия қўшинлари Донбассни «бутунлай вайрон қилганини» айтди.

Зеленский 19 май оқшомидаги видеомурожаатида Россия кучларини имкон қадар кўпроқ украиналикларни ўлдиришга ва кўпроқ зарар етказишга уринаётганликда айблади. У Россияни геноцид қилишда айблашини такрорлади.

«У ер жаҳаннамга айланди — бу бўрттириш эмас», деди у ва 19 май куни Северодонескда «шафқатсиз ва мутлақо онгсиз ўқ отилиши» натижасида 12 киши ҳалок бўлганини қўшимча қилди.

Зеленский шунингдек, 19 май куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Леен билан молиявий ёрдам, қишлоқ хўжалиги экспорти ва “Азовстальдан одамларни эвакуация қилиш» каби бир қатор масалалар юзасидан суҳбатлашганини айтди.

Аввалроқ Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Мариуполдаги «Азовсталь» пўлат заводини тарк этган юзлаб украиналик жангчиларни ҳарбий асир сифатида рўйхатга олишни бошлаганини маълум қилганди. Қўмита уларнинг асир сифатида рўйхатга олинишини «уларни ҳисобга олиш ва уларга инсоний муносабатда бўлишини таъминлаш учун жуда муҳим» деб атади.

XS
SM
MD
LG