Ссылки доступа

Чимкентдаги портлаш қурбонлари сони 3 нафарга етди


Чимкентда туғруқхона ёнида жойлашган дорихонада юз берган портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида қўриқчининг ўлими ҳақида хабар берилган бўлса, кечқурун Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1980 йилда туғилган ишчи ва 18 кунлик гўдак ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Айни пайтга қадар саккиз киши шаҳар касалхоналарига ётқизилган.

«Ҳодиса содир бўлган вақтда перинатал марказда 189 нафар бемор ва 65 нафар ходим бўлган. Уларнинг барчаси Чимкентдаги бошқа тиббиёт ташкилотларига кўчирилган. Психологлар гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Чимкентдаги портлаш 21 май куни тушга яқин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар департаментининг хабар беришича, портлаш оқибатида тиббий эритма ишлаб чиқарган шифохоналар аро дорихона биноси вайрон бўлган. Воқеа жойидаги ёнғин ўчирилган. Беморлар ва ходимлар туғруқхонадан эвакуация қилинди.

«130 квадрат метр майдонни эгаллаган бино қисман қулаган, беш қаватли турар-жой биноси яқинида жойлашган хонадоннинг балкони ва деразалари ҳам шикастланган», — дейилади департамент хабарида.

Дастлабки версияга кўра, портлаш газ тўпланиши натижасида содир бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 292-моддаси 2-қисми «Одам ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш» билан судга қадар тергов бошланган.

XS
SM
MD
LG