Ссылки доступа

Ўзбекистонга АҚШдан конфет ва шоколад кўринишидаги наркотикни олиб кирмоқчи бўлган шахс ушланди


Тошкент халқаро аэропортига Нью-Йоркдан келиб қўнган рейсда йўловчи ўзи билан ширинликлар кўринишидаги гиёҳвандлик воситаларини олиб келгани аниқланди.

Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар беришича, воқеа 13 май куни соат 12:00 лар атрофида содир бўлган. Гумондор «яшил» йўлак орқали ўтаётганида у божхона ходимларида шубҳа уйғотади.

Назорат-рентген ускунаси орқали йўловчининг юклари текширилади ва экранларда шубҳали буюмлар борлиги акс этади.

«Жами 18 та қадоқда желатин кўринишидаги сақич, 2 қути конфет ва 1 та қадоқдаги 10 дона шоколад таркибида каннабис мойи — гиёҳвандлик моддаси бор эканлиги аниқланди. Бу мазкур товарларнинг қадоғида ҳам очиқ-ойдин акс эттирилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, божхона кўриги давомида ушбу шахснинг қўл юки ва багажлари орасида ичига суюқ шаклдаги гиёҳвандлик модда жойлаштирилган ва унинг истъемоли учун хизмат қилувчи 6 турдаги 14 дона турли қурилма ва воситалар, ичига солинган гиёҳвандлик воситасини майдалаб, кукун ҳолатига келтирувчи 1 дона қурилма ҳамда гиёҳвандлик воситаларини чекишда фойдаланиладиган 4 дона махсус қоғоз ўрамлар борлиги маълум бўлди.

Йўловчига тегишли кўзойнак ғилофи ичида полиэтилен ўрамда 1,2 гр «марихуана» яширилганини аниқланди.

Юк эгаси эса ушбу гиёҳвандилк воситаларидан ўзи учун даволаниш мақсадида фойдаланишини ва амалдаги тартибларни билмаслигини айтган. «Мана бу ва бу (сақич ўрамларидаги воситалар) қонуний. Мен қўлга тушсам ҳеч бўлмаганда олиб [аҳлатга] ташлайди деб ўйлаганман», — деди гумондор.

Божхона қўмитаси «бу уни жавобгарликдан озод этмаслигини» эслатиб ўтди.

«Афсуски, сўнгги пайтларда хорижий мамлакатларда гиёҳвандлик воситалари ёки синтетик наркотик моддаларни ширинлик, сақич, конфет ёки шоколадлар кўринишида оммалаштиришга уринишлар кучаймоқда. Бир қарашда безиён, шунчаки озиқ-овқат маҳсулоти сифатида тассурот қолдирадиган бундай „сюрпризлар“ инсонлар саломатлигини жиддий хавф остига қўяди», — дейилади қўмита хабарида.

Қолаверса, наркотик моддалар қайсидир мамлакатда эркин муомалада мавжуд бўлса, бу уни Ўзбекистонга ҳам бемалол ва бамайлихотир олиб кириш мумкинлигини англатмаслиги қўшимча қилинди.

XS
SM
MD
LG