Ссылки доступа

“Саховат”: Наманган суди муҳтожлар учун 132 та уй қураётган хайрия фондини ёпди


"Саховат" фондининг очилиш маросимидан олинган сурат.

20 май куни Наманган вилоят суди “Саховат” хайрия фондини ёпиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Жамғарма ўз тарғиботида диний маълумотлардан фойдаланганликда, хайрия пулларини ҳисоб рақамига тўлиқ туширмаганликда айбланмоқда.

Шунингдек, жамғармага Намангандаги “Саховат сити” қурилишини ҳужжатлар етарли бўлмаган ҳолда бошлаганлик айблови қўйилди.

Суд ишидан хабардор манбаларга кўра, маҳкама жамғарма мулкини давлат фойдасига олиш масаласини ўрганишни Адлия бошқармасига юклаган.

“Саховат Наманган” номи билан танилган “Саховат” фонди устидан маҳкама 17 май куни бошланган эди.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судида ўтган маҳкамани кузатган манба маълумотига кўра, фондга нисбатан учта айблов илгари сурилган:

Жамғарма ўз тарғиботида диний маълумотлардан ноқонуний фойдаланишда айбланган. Манбага кўра, хусусан, жамғарма ўз низомида кўрсатилмаган бўлсада, тарғибот ишларида ҳадислардан фойдаланиб келгани аниқланган.

Жамғарма ҳисоб-китобни нотўғри олиб боргани аниқланган. Жумладан, пуллар айланмаси ҳисоб рақамида тўлиқ акс этмагани яъни пластик картага тушган пуллар ҳисоб рақамида қайд этилмагани аниқланган.

Жамғарма томонидан қурилаётган “Саховат сити” уйлари ҳужжатларида етишмовчилик аниқланган. Манбага кўра, 132 та хонадондан иборат “Саховат сити” уйлари ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолда қурилиши бошланган.

Фонд атрофидаги вазиятдан яхши хабардор манбага кўра, ўтган ойда Наманган шаҳар Адлия бошқармаси “Саховат” фонди устидан келиб тушган шикоят аризалари асосида текширув ўтказиб, фондга жами 21 миллион 600 минг сўмлик жарима солиб, камчиликларни бартараф этиш учун 1 ой муддат берган.

Жумладан, жамғарма ўз тарғиботида диний маълумотлардан фойдалангани учун 13,5 миллион сўм, хайрия пулларини ҳисоб рақамига тўлиқ туширмагани учун 8,1 миллион сўм жарима солинган.

Суд ишидан хабардор манбалар маълумотига кўра, Адлия бошқармаси судга “Саховат” фондини бутунлай ёпиш ва унинг мулкини, жумладан, “Саховат сити”даги 132 уйни ҳам давлат фойдасига мусодара қилиш бўйича даъво аризаси киритган. 20 май куни судья бу масалани ҳал қилишни Адлия бошқармасининг ўзига топширгани айтилмоқда.

Икки йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Саховат” фонди Наманган вилояти Адлия бошқармаси томонидан рўйхатга олинган.

Жамғарманинг Телеграм-каналидаги маълумотларга кўра, фонд 700 га яқин камбағал оилани кафилликка олиб, уларга ҳар ҳафта озиқ-овқат тарқатиб келган; 1500 дан зиёд ота-онасиз болаларга доимий ёрдам кўрсатиб келган; боқувчисини йўқотган оилалар учун 132та уй қурмоқда, уйларнинг 24таси битган бўлиб, камбағал оилаларга топширилган.

XS
SM
MD
LG