Ссылки доступа

ИИВ: Тоғи Бадахшоннинг 19 нафар фуқароси вилоятдаги тартибсизликлардан сўнг ҳокимиятга таслим бўлди


Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Рушон туманида яшовчи 19 нафар фуқародан иборат рўйхатни эълон қилиб, уларни «уюшган жиноятчилик ва экстремистик-террористик гуруҳлар аъзоси», «ҳокимият ҳузурига ўз ихтиёри билан келган» деб таърифлади.

Ички ишлар вазирлиги сайтида маълум қилинишича, улар 15-18 май кунлари Рушон шаҳридаги намойишларда иштирок этишган. Рушонда телефон ва интернет линиялари узилгани, ҳибсга олинганлар ва гумонланувчиларнинг яқинлари журналистлар билан гаплашишдан қўрқишаётгани сабабли расмийларнинг даъволарини текширишнинг иложи йўқ. Хоруғ ва Рушондаги зўравонлик намойишларидан бир ҳафта ўтиб, ҳукумат «экстремистик-террорчи гуруҳлар» деганда нимани назарда тутаётганини ҳалигача очиқламади.

Рўйхатга кўра, ўз ихтиёри билан таслим бўлганлар орасида Россияда тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг Рушон вилоятидаги собиқ етакчилари Амирбек Қаёбеков ва Нуриддин Саидов ҳамда Холбаш Холбашовнинг жиноий тўдасининг 15 нафар аъзоси ҳам бор.

Европада жойлашган Ислом Уйғониш партияси вакиллари Озоди радиосига берган интервьюсида Каёбеков ва Саидов илгари гуруҳнинг Рушон бўлимига раҳбарлик қилганини тасдиқладилар.

Расмийлар норозилик намойишлари ташкилотчиларидан бири сифатида кўрсатган Холбаш Холбашов фаол Улфатхонум Мамадшоеванинг собиқ турмуш ўртоғи. Ҳозирда Холбашовнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот йўқ.

Ҳибсда сақланаётган Улфатхонум Мамадшоева ҳибсга олинишидан олдин ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини айтган. Ўтган ҳафта норозилик намойишларини уюштиришда расмийлар айблаган яна бир киши 22 май куни Хоруғда ўлдирилган Маҳмадбокир Маҳмадбокировдир.

Хоруғлик хавфсизлик кучларига яқин манбанинг Озоди радиосига айтишича, Рушон яқинида етти нафар ўсмир йўқолган. Исмини ошкор қилмаслик шарти билан икки манба, шунингдек, Душанбедан Тоғли Бадахшонга автомобилда кетаётган 17 нафар фуқаро бедарак йўқолган ва улар ҳақида уч кун давомида ҳеч нарса маълум эмаслигини маълум қилган. Шунингдек, хабарларга кўра, Рушон воқеаларида асосий гумонланувчи Мирзо Зиё бўлинмаларидан бирининг собиқ қўмондони Ёдгор Ғуломҳайдаров 20 га яқин киши билан бирга бедарак йўқолган.

Рушон туманидаги вазият 17 май куни бир гуруҳ аҳоли кўчага чиқиб, Душанбе-Хороғ йўлини тўсиб қўйганидан кейин кескинлашган. 18 май куни расмийлар у ерда «аксилтеррор» операцияси ўтказилаётганини маълум қилди ва намойишчиларни мамлакатни беқарорлаштириш учун хориждан кўрсатма олганини айтаётган ноқонуний гуруҳлар аъзоси деб атади.

XS
SM
MD
LG