Ссылки доступа

Давосда миллионерлар жаҳон лидерларидан бойлардан олинадиган солиқ миқдорини кўпайтиришни талаб қилмоқда


Бир гуруҳ миллионерлар Давос иқтисодий форумига келган жаҳон лидерларидан глобал нотенгликни бартараф этиш учун бойлардан олинадиган солиқлар миқдорини кўпайтиришни талаб этмоқда.

“Бизнинг ҳукуматларимиз ҳалигача ўтакетган нотенгликни бартараф этиш учун ҳеч нарса қилмаяпти. Бунинг ўрнига улар ёпиқ эшиклар ортида учрашиб, хусусий бойликлар кўргазмасида иштирок этишмоқда. Жорий йилда яна 250 миллион киши ўта қашшоқлик даражасига тушиб қолади. Дунёни баланслаштириш вақти етиб келди. Бойларга солиқларни кўпайтириш даври келди”,-деди Давосда норозилик билдираётган миллионерлардан бири Марлен Энгельхорн.

Норозилик акциясини “Ватанпарвар миллионерлар” гуруҳи аъзолари уюштирди. Мазкур гуруҳ биринчи марта 2010 йилда АҚШ собиқ президенти кичик Жорж Буш томонидан бойларга берилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш талаби билан йиғилган эди.

Ўшандан бери “Ватанпарвар миллионерлар” гуруҳига 200 нафар бой-бадавлат киши аъзо бўлди. Гуруҳга аъзо миллионерлар иш ҳақининг энг кам миқдорини кўтаришни ва прогрессив солиқ тизимини мукаммалаштиришни ҳам талаб қилишмоқда.

Швейцариянинг Давос шаҳрида анъанавий иқтисодий форум 22 май куни бошланди. Унинг ишида икки мингдан ортиқ одам қатнашмоқда. Форумда қатор давлатларнинг лидерлари ҳам нутқ сўзлайди.

Жорий йилдаги анжуман кун тартибига Украинадаги уруш ва унинг оқибатларини муҳокама қилиш ҳам киритилган. Форумга Россиядан бирорта вакил таклиф қилинмади. Давосдаги “Рус уйи” эса “Россиянинг ҳарбий жиноятлари уйи” деб ўзгартирилди.

XS
SM
MD
LG