Ссылки доступа

Британия разведкаси: Россиянинг Украинада 3 ойда кўрган талафоти СССРнинг Афғонистонда 9 йилда кўрган талафотига тенг


Россия Украинага босқинининг дастлабки уч ойи мобайнида Совет Иттифоқининг тўққиз йил давом этган Афғонистон урушидаги талафоти мислича талафот кўрган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Британия разведкасининг 23 майдаги маълумотномасида айтилган.

Украинадаги урушнинг боришига доир маълумотномада Британия разведкаси Россия армияси талафотининг катталигини алоҳида бўлинмалар тактик шайлиги ёмонлиги, қўмондонликда вазиятга мослашиш лаёқати йўқлиги ва бунинг натижасида хатолар такрорланаётгани, шунингдек ҳаводан мадад етарли эмаслиги билан изоҳлаган.

Май ойи ўрталарида Британия ҳарбий разведкаси Россия уруш олдидан чегаралар яқинида жамлаган қуруқликдаги жанговар кучларининг қарийб учдан бирини йўқотганини таъкидлаган. Февраль ойида Россия Украинага тахминан 150 минг кишилик қўшин билан киргани айтилади. Бироқ бу маълумотдан талафотнинг қанча қисми абадий йўқотилган (ҳалок бўлганлар ва жароҳатдан ўлганлар) эканини билиш қийин.

“Медиазона” нашри очиқ манбаларда Украинада ҳалок бўлган 2500 дан зиёд россиялик ҳарбий исмлари қайд этилганини аниқлаган. Россия Мудофаа вазирлиги йўқотишларга доир сўнгги ҳисоботида бундан икки карра оз рақамни келтирган. Украина расмийлари эса ҳалок бўлган россияликлар сони 30 мингга яқинлашганини иддао қилмоқда. Уруш пайтида томонлар ўз талафотларини камайтириб, душманникини ошириб кўрсатишга интилади. Жанговар ҳаракатлар шароитида бу маълумотларни текшириш имкони мавжуд эмас.

Афғонистондаги уруш давомида совет қўшинлари асосан партизанлар – исёнчиларнинг тарқоқ гуруҳ ва бўлинмаларига қарши жанг қилган. Украинада эса Россия армиясига қарши 261 минг кишилик мунтазам армия, қарийб 100 минг кишилик ҳудудий мудофаа отрядлари ҳамда бошқа кучишлатар тузилмалар курашмоқда.

XS
SM
MD
LG