Ссылки доступа

Ўзбекистон Хитойга газ экспортини тиклади


Ўзбекистон ички талабни қондириш учун Хитойга газ экспортини жорий йил бошидан тўхтатиб, сўнг яна қайта тиклади. Бу ҳақда Eurasianet хабар бермоқда.

Ҳукумат етказиб бериш қайта тиклангани ҳақида эълон қилмади. Бироқ Хитой маълумотлари шуни кўрсатадики, Тошкент Туркманистондан бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтувчи Марказий Осиё—Хитой қувури орқали яна газ экспорт қилмоқда.

Ўзбекистон жорий йилнинг тўрт ойида Хитойга 132,8 млн долларлик газ экспорт қилди, деб хабар берди Россиянинг «Нефтьegaz.ru» энергетика сайти Хитой Бош божхона бошқармаси статистик маълумотларига таяниб.

Экспорт қилинган газ ҳажми бўйича аниқ рақам очиқланмади.

Туркманистон январь—апрель ойларида 2,87 млрд долларлик газ билан Хитойнинг энг йирик газ етказиб берувчиси эди. Қозоғистон 270,6 млн долларлик газ экспорт қилган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон Хитойнинг қувур линияси бўйича мос равишда тўртинчи ва бешинчи йирик газ етказиб берувчилари эди. Ҳар икки давлат ўсиб бораётган ички талабни қондириш учун келгуси йилларда газ экспортини тўхтатишни режалаштираётганини маълум қилган.

Мамлакат экспортни тугатиш учун 2025 йилгача муддат белгилаган.

Ҳукумат томонидан жорий ой эълон қилинган маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда электр станцияларига газ етказиб бериш 13 фоизга, маиший истеъмолчиларга етказиб бериш эса 30 фоизга ошган.

Ҳозирда хусусий истеъмолчилар учун амал қилаётган субсидиялар тизими ислоҳ қилинади, шунинг учун нархлар фақат маълум миқдорда фойдаланишгача субсидияланади.

Мижозлар ҳали эълон қилинмаган лимитдан ортиқ истеъмол қилинган газ учун бозор нархларини тўлайди.

Экспорт тўхтатилганда мавжуд бўлган қўшимча газ, уни сотишдан кўра кўпроқ даромад келтирадиган пластмасса каби қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлатилади. Ўзбекистон экспортни босқичма-босқич тўхтатишга тайёргарлик кўриш мақсадида Хитойга жўнатиладиган экспортни қисқартиришни бошлаган.

Бу йил Ўзбекистон 3,3 млрд куб метр газ экспорт қилишни режалаштирмоқда, бу 2019 йилда 12,2 млрд куб метрни ташкил қилган.

Аввалроқ Ўзбекистондан газ экспортининг деярли барчаси Хитой ҳиссасига тўғри келиши ҳақида хабар берилган эди.

XS
SM
MD
LG