Ссылки доступа

АҚШ Хитойдаги «қайта тарбиялаш лагерлари»даги қийноқлар ҳақида ҳисобот эълон қилди


24 май куни Вашингтондаги Коммунизм қурбонлари хотираси жамғармаси Хитойдаги Шинжон полициясининг ички компьютер тармоқларига кириб, уйғурларни интернирлаш учун «лагерлар»да қийноқлар ташкил қилингани ҳақида ҳисоботни чоп этди.

«Шинжон полицияси файллари» деб номланган ҳужжатда вилоят туб аҳолисига нисбатан зўравонликларни акс эттирувчи ўн минглаб фотосуратлар ва видеолар мавжуд. Хусусан, ҳисоботда полиция машғулотлари вақтида маҳкумларга нисбатан қўпол муносабатда бўлганлиги акс этган кадрлар мавжуд. Масалан, лагердаги одамларнинг қўлига кишан солинган ва калтакланган.

Шинжон полициясининг ички компьютер тармоқларидаги файлларни Коммунизм қурбонлари хотираси жамғармасининг хитойшунослик бўлими директори Адриан Зенз текширди.

Жамғарма баёнотида айтилишича, Си Цзиньпиннинг шахсан ўзи тўлиб тошган интернирлаш муассасаларини қўшимча хавфсизлик билан таъминлаш бўйича буйруқ берган. Шунингдек, полиция маълумотлар базаси 2018 йилда катталар, асосан уйғурлар бўлган аҳолининг 12 фоиздан ортиғи «қайта тарбиялаш лагерларида» бўлганини кўрсатмоқда, дея таъкидлайди ташкилот.

«Шинжон полицияси ҳужжатлари Хитой касб-ҳунар ўргатиш марказлари аслида қамоқхона эканлигини тасдиқлайди», деди Жамғарма президенти Эндрю Бремберг.

Bloomberg агентлигига кўра, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Вен Венбин «бу Хитойга қарши кучлар Хитойни обрўсизлантиришга уринаётганига янги мисол», деди.

2019 йилда Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорциуми Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги мусулмонлар сақланувчи лагерлар тўғрисида Хитой ҳукумати томонидан олинган махфий ҳужжатларни эълон қилди.

2021 йилда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Хитойда уйғурларга нисбатан таъқиб қилинишини геноцид деб атади.

XS
SM
MD
LG