Ссылки доступа

Хўжанд шаҳар суди раиси пора олишда гумон қилинмоқда


Хомиджон Мухаммадзода

Хўжанд шаҳар суди раиси Хомиджон Муҳаммадзода порахўрликда гумон қилиниб, судья ва адвокат билан бирга ҳибсга олинди.

Сўнгги тасдиқланган маълумотларга кўра, Хўжанд шаҳар суди раиси Хомиджон Муҳаммадзода ҳибсга олинган. Буни Озоди радиосининг тегишли муассасалар ва суддаги бир қанча манбалари тасдиқлади. У билан бирга судья ва адвокат ҳибсга олинган. Учаласи ҳам пора олишда гумон қилинмоқда.

Хомиджон Муҳаммадзоданинг яқинлари билан боғланишга уринишларимиз бесамар кетди. Расмийлар унинг адвокатининг исмини ҳам бизга айтмади. Муҳаммадзода ва унинг адвокатининг айбловлар ҳақидаги фикри номаълум.

Сўнгги бир ой ичида Хўжанд суди раиси атрофида турли миш-мишлар тарқалди, жумладан, Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан уни қўлга олиш бўйича ўтказган операция давомида у қочишга муваффақ бўлган.

Айрим маълумотларга кўра, Муҳаммадзода операция ҳақида олдиндан билиб, унга пора сифатида таклиф қилинган белгили пулларни олиб, бошқа шахсга топшириб, қочиб кетган. Операция жорий йилнинг 22 апрель куни бўлиб ўтгани маълум қилинди.

2021 йил 25 ноябрь куни Хомиджон Муҳаммадзода Хўжанд шаҳар суди раиси лавозимига тайинланган эди. У 1996 йилдан 2000 йилгача бу лавозимда ҳам ишлаган. У ўтган даврда Бобожон Ғофуров туман суди раиси, Суғд вилоят суди раиси, Жаббор Расулов туман суди раиси, Спитамен туман суди раиси лавозимларида ишлаган. Муҳаммадзода биринчи даражали малакали судья бўлиб, «Шараф» ордени билан тақдирланган.

Ҳозирда Тожикистонда 400 дан ортиқ судья фаолият юритади. Охирги 10 йил ичида 30 нафар судья турли айбловлар билан ҳибсга олиниб, қамоққа ташланган.

Судьяларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Президент фармони билан амалга оширилади. 2020 йил декабрь ойида Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси ўз ҳисоботида Тожикистонда суд тизимини мустақил деб бўлмайди, чунки судьялар ҳукумат раҳбари томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. «Бу ҳолатда суд қонун устуворлиги ва айбланувчининг ҳуқуқларини эмас, балки ижро ҳокимияти манфаатларини ҳимоя қилади», — дейилади ҳужжатда.

Комиссия судьялар маошининг пастлигини Тожикистон суд тизимидаги заиф бўғинлардан бири деб атади. Ташкилот ўшанда таъкидлаганидек «Тожикистонда судьялар 1600 сомоний (160 доллар), Олий суд судьялари иш стажига қараб 4500 сомоний (450 доллар), ҳарбий суд судьялари эса 6200 сомоний (620 доллар) олади».

Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси бундай маошлар «судьяларнинг молиявий мустақиллигини кафолатламайди» ва «коррупция учун асос яратади», деб таъкидлади. Шу боис, ташкилот вакилларининг фикрича, айрим судьяларнинг дабдабали ҳаёти эса уларнинг камтарона маошига мос келмайди.

XS
SM
MD
LG