Ссылки доступа

Ўзбекистонда 2020 йилдан шу кунга қадар ис газидан заҳарланиш бўйича 428 та ҳолат содир бўлган


2020 йилдан бошлаб 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 киши турли даражада жароҳат олган.

24 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 26-ялпи мажлис олдидан йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Унда таъкидланишича, 2020 ва 2021 йилларда ҳамда 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 8 млндан ортиқ хонадонларда иситиш тизимлари, дудбуронлар кўрикдан ўтказилган ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилган.

Прокуратура органлари томонидан 105 та текшириш ўтказилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан мутасадди ташкилотларга 30 дан ортиқ тақдимнома, 25 тадан зиёд огоҳлантирувлар киритилиб, 25 нафар шахс интизомий ва 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Сенаторлар ўтказилаётган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаганини танқид қилди. «Оқибатда 2020 йилдан 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган», — дейилади хабарда.

Истеъмолчиларда табиий ва суюлтирилган газ ҳамда муқобил турдаги ёқилғидан фойдаланишда хавфсизлик маданиятининг шаклланмаганлиги, газда ишловчи қурилмаларнинг дудбурон ва шамоллатиш каналлари соз ҳолатда эмаслиги, сифатли тозаланмаганлиги ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилмаётганлиги ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ҳамон кўплигича қолишига асосий сабабларидан бири бўлмоқда, деган фикрда сенаторлар.

Шунингдек, миллий қонунчиликда ис гази чиқиши, уни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш, аҳолини муҳофаза қилиш, хусусан, заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги муносабатларни ўзида ифода этувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳам тармоқда ижобий ўзгариш бўлмаётганлигига бир сабаб сифатида айтиб ўтилди.

Хусусан, амалдаги қонунчиликда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга масъул бўлган ваколатли давлат органи аниқ белгиланмаган. Натижада бу борада амалиётда тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

Таъкидланишича, ис газининг чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар асосан кўп квартирали уйларда юзага келмоқда.

XS
SM
MD
LG