Ссылки доступа

Қозоғистон банклари россияликларга карта бериш тартибини қийинлаштира бошлади


Қозоғистон банклари санкциялардан қўрқиб, россияликлар учун тўлов карталарини олиш қоидаларини кучайтираётгани хабар қилинмоқда.

Баъзи банкларда иш жойидан маълумотнома ва яшаш учун рухсатномани талаб қилиш бошланган, дейилади КТК республика телеканали хабарида.

Телеканал сюжетида Қозоғистонга келган россияликнинг айтишича, Қозоғистонда банк картасини олиш учун «меҳнат шартномаси ёки иш жойидан маълумотнома» сўрашади.

Қозоғистон Миллий банкининг хабар беришича, қонунда норезидентдан меҳнат шартномаси ва яшаш учун рухсатномага эга бўлиши шарти йўқ, бироқ ҳеч ким уларни талаб қилишни тақиқламайди.

«Банклар тўлов карточкаларини чиқаришда қонун ҳужжатлари ва банкнинг мувофиқлик назорати бўйича ички норматив ҳужжатлар ва талабларга, шунингдек, ўзлари аъзо бўлган ва тўлов карталари бўлган халқаро тўлов тизимлари қоидалари талабларига амал қиладилар», — дейди Қозоғистон Миллий банкининг тўлов тизимлари сиёсати бошқармаси бошлиғи Арлен Молдабеков.

Украинада уруш бошланганидан кейин Visa ва Mastercard тўлов тизимлари Россия банклари билан ишлашни тўхтатди. 10 март куни Visa ва Matstercard Россия банклари томонидан чиқарилган карталарга хизмат кўрсатишни тўхтатди. Бу Россия фуқароларининг Қозоғистонга, жумладан, бутун дунё бўйлаб молиявий операцияларни эркин амалга ошириш имконини берувчи ушбу тизимларнинг карталарини олиш учун оқимининг кўпайишига ёрдам берди.

8 апрель куни Қозоғистон молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги 2022 йил 24 февралдан буён Қозоғистон банкларида жисмоний шахслар – Россия ва Беларус резидентлари учун қарийб 12 минг ҳисоб рақами очилганини маълум қилди. Шу ҳафта бошида Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги халқаро санкциялар туфайли Россиянинг Қозоғистондаги шўба банклари ҳисобларида тахминан 9,2 миллиард тенге (21,5 миллион доллар) музлатиб қўйилгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG