Ссылки доступа

Қирғизистон Россиядан ёқилғи-мойлаш материалларини рублга сотиб олишни бошлади


Қирғизистондаги нефть савдогарларининг аксарияти Россиядан рус рублига ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олишни бошлади. Бу ҳақда Жогорку Кенешнинг 25 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Монополияга қарши тартибга солиш хизмати раиси Кенешбай Таилаков маълум қилди.

Депутат Дастан Бекешев доллар курси тушиши билан нега ёқилғи-мойлаш материаллари нархи ўзгаришсиз қолаётганини сўради.

«Монополияга қарши агентлик бизга доллар курсининг ўсиши билан ёқилғи-мойлаш материаллари нархи ҳам ошишини айтди. Ўшандан бери доллар курси бутунлай ўзгарди, лекин ёқилғи-мойлаш материаллари нархи ўзгармади. Демак, савол туғилади: нарх қайта кўриб чиқиладими?», — деб сўради у.

Таилаков бунга жавобан ёқилғи-мойлаш материалларини импорт қилувчилар уларни Россия рублида тўлай бошлаганини айтди.

«Бугунги кунда нефть трейдерларининг 70 фоизи ёқилғи-мойлаш материалларини рублга сотиб олади. Бу яқинда, тахминан 20 кун олдин содир бўлди. Қолган 30 фоизи долларда тўлашда давом этмоқда», — деди у.

Дастан Бекешев Қирғизистон ёқилғи-мойлаш материалларини ноқулай шартларда – доллар ва рублнинг энг юқори чўққисида сотиб олаётганидан ғазабланди. У етказиб бериш учун тўловни бир валютада бирлаштиришга чақирди.

Қирғизистонда сўнгги бир йил ичида ёқилғи-мойлаш материаллари нархи кескин ошган. Бугунги кунда Бишкекда энг оммабоп АИ-92 бензини 62,9 сом (0,8 доллар) туради, бир йил аввал унинг нархи 49,4 сом эди.

Қирғизистонда ҳар йили 1 миллион тоннадан ортиқ ёқилғи-мойлаш материаллари истеъмол қилинади. Қирғизистон нефть маҳсулотларини деярли бутун ҳажмини Россиядан импорт қилади.

XS
SM
MD
LG