Ссылки доступа

Россия Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилишга жорий этилган чекловни бекор қилмоқчи


Россия Меҳнат вазирлиги Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилиш бўйича лойиҳада белгиланган чекловни бекор қилишни таклиф этмоқда, деб ёзди 25 май куни Москвадаги Коммерсантъ газетаси.

Ўзбекистон билан имзоланган шартномага мувофиқ Россияга йил давомида кафолатланган иш ўрнига 10 минг ўзбекка квота берилган эди. Улар асосан қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши шартлиги белгиланган.

Россия Меҳнат вазирлиги Ўзбекистондан ишчи кучи жалб қилишга белгиланган чекловни бартараф этиш билан бир қаторда, улар ишлаши мумкин бўлган соҳаларни ҳам кенгайтириш режасини тақдим этган.

Мазкур режага асосан, ўзбекистонлик мардикорларни иқтисодий соҳанинг барча жабҳаларига жалб этиш назарда тутилади.

Айни пайтда ўзбек мардикорларини конкрет иш берувчининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб Россияда ишлашига рухсат бериш принципи сақланиб қолинади. Бу борадаги талаб ва тартиблар regulation.gov.ru расмий сайтида эълон қилинган.

2021 йилнинг октябрида Россия ҳукумати мамлакатга хорижлик ишчиларни жалб қилиш бўйича тажриба лойиҳасини тасдиқлаган эди. Лойиҳа доирасида Россияга Ўзбекистондан 10 минг нафар қурувчи келиши режалаштирилганди.

Тажриба лойиҳасида Россиянинг Қурилиш, Меҳнат, Соғлиқни сақлаш, Таълим ва фан, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, шунингдек, Роспотребнадзор иштирок этяпти.

Ўзбекистон лойиҳа тасдиқланган кундан бир неча кун ўтгач - 11 октябрда Сибирдаги Восточний космодроми объектларини қуриш учун Россияга 1 466 кишидан иборат муҳожирлар гуруҳини жўнатганди.

Ўшанда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов Восточний космодроми қурилишига жами 5 минг ўзбекистонлик жўнатилиши режалаштирилганини айтган эди.

Айни пайтда Россия Украинага уруш очганидан сўнг ўтган уч ой давомида мигрантларнинг иш ҳақлари камайиши ва тўлов муддати кечикиши ҳоллари кўпайди. Сўнгги маълумотларга кўра, Россия Украинага қарши ҳарбий агрессия бошлаганидан сўнг 750 ажнабий ширкат мамлакатдан чиқиб кетган.

Апрель ойида Россиядаги Delivery Club таомлар ва озиқ-овқат элтиб бериш хизматида ишловчи ўнлаб марказий осиёлик мигрантлар ойликлар камайтирилганидан норозилик билдириб, деярли ўн кун давомида иш ташлаган эди. Уларга кўра, тариф сиёсати ўзгариши иш ҳақлари камайишига олиб келган ва бундай шароитда ишлаб бўлмайди.

Сўнгги икки ойда мигрантларнинг иш ҳақлари камайиши ва тўлов муддати кечикиши ҳоллари кўпайди. Ҳуқуқбонлар мигрантлар ишсизликдан кўп шикоят қилаётганини айтишмоқда. Бу вазият Украина билан уруш манзарасида чет эл ширкатлари Россияни тарк этгани ва Ғарб санкциялар қўллаганидан сўнг вужудга келди.

Россия ҳануз Марказий Осиё меҳнат мигрантлари интиладиган асосий мамлакат бўлиб қолмоқда. Айрим экспертлар Россиянинг ўзида инқироз бошлангани муносабати билан мигрантларнинг каттагина қисми ватанига қайтишини башорат қилишяпти.

XS
SM
MD
LG