Ссылки доступа

Ўзбекистон 30 йил ортда қолганини таъкидлаган Жаҳон банки Тошкент билан ҳамкорликни ривожлантиради


Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши 24 май куни Ўзбекистон билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги дастурий лойиҳа бўйича ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.

Жаҳон банки расмий сайтида маълум қилинишича, Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон Миллий стратегиясининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда аъзо бўлган, бироқ банкнинг Тошкент билан тиғиз ҳамкорлиги 2017 йилдан бошлаб юқори натижаларни кўрсата бошлаган.

Янги дастурга асосан Жаҳон банки хусусий сектордаги инклюзив бандликни кўпайтириш, инсон капиталини яхшилаш ва яшил иқтисодий ўсиш орқали фаровонлик ва барқарор ривожланишни ошириш каби учта лойиҳани молиялаштиради.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида Жаҳон банки Ўзбекистонда "гендер нотенглик бартараф этилишига, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайишига ва давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериш мажбурияти оширилишига" умид қилади.

Айни пайтда Жаҳон банки Ўзбекистонда 28 та лойиҳани амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 5,26 миллиард долларни ташкил этган.

Бир неча кун олдин Жаҳон банки ўзининг мамлакатлар иқтисодий ривожланишини таҳлил этадиган ва беш йилда бир марта эълон қиладиган навбатдаги ҳисоботида “Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни эндигина бошланмоқда”, деб билдирганди.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, мамлакатда сўнги 30 йил давомида иқтисодий ислоҳотлар жуда суст равишда амалга оширилган. Фақат айрим соҳаларгина сезиларли даражадаги ўсишга эришган.

“Иқтисодий фаолиятнинг аҳамиятли қисми ҳанузгача марказлаштирилган давлат институтлари бошқарувидадир. Иқтисодиётни тизимли янгилаш дастабки босқичда. 2020 йилда иқтисодиётда қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги ҳажми 26 фоизни ташкил қилган ва бу Европа ҳамда Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир”,- дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки ривожланган давлатлардаги иқтисодий жараёнларни олға силжитувчи хизмат кўрсатиш соҳаси Ўзбекистонда энг паст даражада эканини ва минтақанинг бошқа давлатларидаги даражага ҳам етиша олмаганини қайд этган.

Шунингдек, ҳисоботда янги иш ўринларини яратиш ҳайратланарли даражада оз экани таъкидланган. Масалан, 2018 йилда янги иш ўринларини яратиш ишчи кучи ўсишидан 200 мингтага кам бўлган. 2020 йилда эса COVID-19 пандемиясига қадар 9 фоиз бўлган ишсизлик даражаси расман 10,5 фоизга етди.

XS
SM
MD
LG