Ссылки доступа

Афғонистонда содир этилган қатор портлашларда 14 киши ҳалок бўлди


Афғонистон пойтахти Кобул ва мамлакат шимолидаги Мозори Шариф шаҳрида рўй берган тўртта портлашда камида 14 киши ҳалок бўлди, яна 32 киши яраланди.

Нашрнинг аниқлик киритишича, Мозори Шариф шаҳрида микроавтобусларга ўрнатилган учта бомбанинг портлаши оқибатида 9 киши ҳалок бўлган.

«Бомбалар шаҳарнинг турли қисмларида учта микроавтобусга ўрнатилган», — деди Балх вилояти полицияси матбуот котиби Асиф Вазирий журналистларга. У яна 15 киши жароҳат олганини маълум қилди. Балх соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нажибулла Тавананинг айтишича, қурбонлар орасида уч нафар аёл ҳам бор.

Шунингдек, 25 май куни кечқурун Кобулдаги масжидда портлаш содир этилган ва камида беш киши ҳалок бўлган, 17 киши яраланган.

Ҳодисадан бир неча соат ўтиб, ИШИD гуруҳи портлашлар учун жавобгарликни зиммасига олган.

30 апрель куни Кобулдаги масжидда портлаш юз бериб, оқибатда 50 нафардан зиёд одам ҳалок бўлганди. 29 апрель куни эса мамлакат шимолидаги Балх вилоятида портлаш содир бўлган ва 10 нафар одамни ҳаётдан олиб кетганди. Шунингдек, ундан аввалроқ кетма-кет юз берган бир нечта портлашлар туфайли 100 нафарга яқин одам яраланган, 40 нафар киши ҳалок бўлганди.

XS
SM
MD
LG