Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров Бишкекда Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган 30 йил давомида мамлакатлар ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқа олди. Шу билан бирга, Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги икки томонлама шартномани «бугунги кун воқелигини ҳисобга олган ҳолда» янгилашга чақирди.
«Шу муносабат билан икки давлат ташқи ишлар вазирликларига Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги янгиланган Шартномани тайёрлаш ва Олий давлатлараро кенгашнинг навбатдаги мажлисида имзолаш учун тақдим этиш бўйича топшириқ беришни таклиф қиламан», — деди у.
Тўқаевнинг Қирғизистонга расмий ташрифи натижасида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 13 та ҳужжат имзоланди.
Қасим-Жўмарт Тўқаев 26 май куни расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Жапаров билан музокаралардан ташқари, у Бишкекда бўлиб ўтадиган биринчи Евросиё иқтисодий форумида онлайн тарзда иштирок этади. Унда барча ЕОИИ мамлакатлари президентлари видеоконференция форматида иштирок этади.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Арзибек Қўжўшев Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарларининг музокаралари мавзуларидан бири чегарада юк ташиш вақтида юзага келадиган масалалар бўлишини маълум қилганди.
Шу йилнинг апрель ойида «Оқ-Тилек» назорат-ўтказиш пунктида яна катта юк машиналари навбати вужудга келган эди. Бишкек Қозоғистонни «юк ташиш жараёнида ЕОИИ шартларига риоя қилмаслик»да айблади. Музокаралардан сўнг назорат-ўтказиш пунктларида навбат камайди. Бироқ май ойида Қозоғистон Қирғизистон билан чегарада юк машиналарининг ўтиши устидан назоратни кучайтириш ниятида эканини маълум қилди.