Ссылки доступа

Ўзбекистон манфаатдор эканини билдирган ”Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига Қозоғистон ҳам қўшилиши мумкин


Қозоғистон Қирғизистонда қурилиши режалаштирилаётган ”Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига қўшилиши мумкин, деб хабар берди қозоқ президентининг расмий сайти 26 май куни.

Хабарда таъкидланишича, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан 26 май куни Бишкекда ўтказган музокараси чоғида қирғиз томонига ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар режасини ишлаб чиқиш таклифини киритган.

“Мазкур лойиҳалардан бири ”Қамбарота-1” ГЭСини ҳамкорликда қуриш лойиҳаси бўлиши мумкин”,-дейилади расмий хабарда.

22 май куни Қирғизистон энергетика вазири ”Қамбарота-1” ГЭСи қурилиши яқин кунларда бошланиши тўғрисида маълум қилган эди.

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров 2021 йилнинг 15 март куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан ҳамкорликда қуриш тўғрисида келишув тузилгани тўғрисида баёнот берган. Худди шундай баёнотни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 2021 йилнинг 16 мартида эълон қилганди.

“Қамбарота ГЭС-1”ни лойиҳалаш ишлари бундан қарийб 40 йил муқаддам Тошкентда бошланган эди. Сўнгги йилларда бу ишга Россия ҳам қўшилган, бироқ томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли бу ҳамкорлик тўхтаб қолган.

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов даврида Тошкент мазкур ГЭСнинг қурилишига кескин қаршилик қилиб келганди. Тошкентнинг бундай позициясига ўша пайтда Қозоғистон ҳам шерик бўлган эди. Ислом Каримов мазкур ГЭС қуриладиган бўлса Ўзбекистон сувсиз қолиши мумкинлигини айтиб келган.

XS
SM
MD
LG