Ссылки доступа

Суд Украинага боришдан бош тортган 115 росгвардиячи қонуний тарзда ишдан бўшатилганини тан олди


Россиянинг Кабардин-Балкар республикаси ҳарбий суди Украинадаги урушда иштирок этишдан бош тортган 115 нафар росгвардиячининг хизматдан бўшатилиши қонуний бўлгани тўғрисида ажрим чиқарди. Бу ҳақда "Интерфакс" суд матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

Суд ажримида таъкидланишича, хизматдан ноқонуний бўшатилгани юзасидан даъво аризаси киритган 115 нафар росгвардиячи буйруқни бажаришдан бўйин товлаб, Украинадан ўзларининг доимий хизмат жойларига қайтиб кетган. Улар ички устав ва контракт шартларини бузгани ортидан ишдан бўшатилган.

Кавказ.Реалии мухбири билан суҳбатлашган росгвардиячилардан айримлари раҳбарият уларга тўғридан-тўғри Украинадаги амалиётларда иштирок этишга буйруқ бермаганини айтмоқдалар.

Россия ҳукумати Украинага уруш очганини рад этиб келади. Кремль нуқтаи назарича Украинадаги уруш аслида уруш эмас, амалиётдир.

Юристларнинг айтишларича, Росгвардия ходимлари хориж давлатларидаги амалиётларда иштирок этишга мажбур эмас. Мана шундан келиб чиққан ҳолда, росгвардиячиларнинг асосий қисми ҳарбий амалиётда қатнашишдан бош тортмоқда.

Украинадаги манбаларнинг билдиришича, Росгвардиянинг урушда қатнашаётган бўлинмалари оғир талафотларга учрамоқда. Жумладан, март ойининг бошларида Харьков яқинида йўқ қилинган Россия қўшини таркибида бўлган росгвардиячиларнинг жасадлари топилган.

XS
SM
MD
LG