Ссылки доступа

Петербург ҳарбий комиссариатлари Украинадаги урушга аскар ёллашмоқда


Санкт-Петербургнинг Центральний тумани ҳарбий комиссариати эркакларга қўнғироқ қилиб, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун шартнома имзолашни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг Север.Реалии таҳририятига маҳаллий депутат Никита Юферев маълум қилган.

Юферевнинг ўзига ҳам айни таклиф билан мурожаат қилинган. Депутатга кўра, у хизматга ёлланишни истамаслигини айтган, шундан сўнг суҳбат тугаган. Кейин у айрим журналистлар илтимоси билан шартнома шартларини билиш учун “военкомат”га қўнғироқ қилган, аммо у ердагилар бу ҳақда телефонда сўзлашиб бўлмаслигини айтишган.

Север.Реалии нашри комиссариатдан бу борада изоҳ олишга муваффақ бўлолмаган.

Май ойи бошларида Би-би-си рус хизмати Россияда “яширин сафарбарлик” ўтказилаётгани, россияликлар реклама ва қўнғироқлар воситасида хизматга жалб этилаётгани тўғрисида хабар қилган эди. Расмийлар мамлакатда сафарбарлик эълон қилинишини рад этиб келишади.

Иш ўринлари ҳақида эълонлар бериладиган hh.ru сайтида Мудофаа вазирлиги 25 мингдан 80 минг рублгача ойлик тўланадиган 19 та “ёлланма ҳарбий” вакансиясини очгани айтилмоқда. Май ойи ўрталарида “Ротонда” телеграм-канали Петербургнинг Пионерский майдонида чақирув ёшидаги эркаклар ойига 250 минг рубль маоши бор ишга таклиф қилинган варақалар тарқатилгани ҳақида ёзган. Варақада кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилинганида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш таклифи айтилган ва кунига 168 доллар ҳақ ваъда қилинган.

Москва турғунлари ҳам ҳарбий комиссариатлардан шартнома тузиш таклифи билан қўнғироқлар бўлаётганини билдиришган. Талабгорларга шартнома имзолаш учун 200 минг рубль мукофот ва кейин ойига 300 минг рублдан иш ҳақи ваъда қилинган.

Бундан ташқари, комиссариатлар хизматни ўтаб бўлган россияликларга “сафарбарлик захираси масаласи бўйича” маълумотларни аниқлаштириш учун келишни сўраб чақирув қоғози йўлламоқда.

XS
SM
MD
LG