Ссылки доступа

Британия ТИВ: Россия тажовузини фақат куч билан тўхтатиш мумкин


Буюк Британия бош дипломати Лиз Трасс

Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс Россия президенти Владимир Путин “тинчлантириш” уринишлари хавфли бўлиши мумкин, деган фикрда. Унга кўра, Украинадаги урушда Россиянинг мағлубиятга учрашини кафолатлаш мақсадидан бир қадам ҳам ортга чекиниб бўлмайди.

“Россия тажовузини тинчитиш имкони йўқ. Унга куч билан жавоб бериш зарур. Биз ҳарбий ёрдам ва санкциялар билан Украинанинг ғалабасини таъминлаш қарорида собит туришимиз лозим. Энди биз газ тепкисидан оёғимизни уза олмаймиз”, дея иқтибос келтирган Лиз Трасс сўзларидан Би-би-сининг рус хизмати.

Мулозима фикрича, Ғарб Путин аввалроқ турли ён беришларга эришиб олгани ортидан Грузияга, кейин эса Қрим ва Донбассга ҳужум қилганидан ўзига хулоса чиқариб олса, яхши бўлади.

Эстония ҳукумати раҳбари Кая Каллас ҳам европалик ҳамкасбларини Владимир Путинга бўштоблик кўрсатмаслик кераклигидан огоҳлантирган.

“Украина учун яхши бўлмаган шартлар билан тузилган сулҳ биз учун ҳам ёмон сулҳ бўлишини англатади. Агрессорга нисбатан бизнинг кўзимизга майда кўринаётган ён беришларнинг ҳаммаси катта урушларга олиб боради”, деган Каллас.

Сўнгги пайтларда Ғарбдаги айрим сиёсатчилар (улар орасида Франция президенти Эммануэль Макрон ва АҚШнинг собиқ давлат котиби Генри Киссинжер ҳам бор) Украина урушида Владимир Путинга “юзини сақлаб қолиш”га имкон берувчи ён беришлар зарурлигига оид баёнотлар билан чиқишаётган эди.

Украина расмийлари сулҳга оид бу каби чақириқларни “капитуляция чақириғи” деб аташиб, уларни қатъий рад этишмоқда. Киев Россия билан музокарага тайёр эканини, бироқ бу музокаралар “ультиматум”лар асосида эмас, ўзаро тенглик шартида ўтиши лозимлигини урғулашяпти.

XS
SM
MD
LG