Ссылки доступа

Бишкек эски майдонида назорат-касса машиналарига қарши акция бўлиб ўтди


30 май куни Бишкекда президент маъмурияти ва вазирлар маҳкамаси биноси олдида назорат-касса аппаратларидан (НКМ) фойдаланишга қарши тадбиркорларнинг митинги бўлиб ўтди.

Азаттык мухбирининг хабар беришича, митингга 100 га яқин одам тўпланган. Акция иштирокчилари қўлларида «Тадбиркорлар НКМга қарши!», «Биз инвойсларга қаршимиз», «Патентларни қолдиринг!» деган ёзувлар ёзилган плакатларни ушлаб туришибди.

– Бу ерда хусусий тадбиркорлар, дўкон эгалари йиғилди. Биз НКМга қаршимиз. Биз аллақачон уч марта солиқ тўлашга мажбур эдик — фирмалар орқали, воситачилар орқали, счёт-фактуралар орқали ва энди НКМ харидорлар елкасига тушадиган тўртинчи солиқ туридир. Биз НКМдан фойдаланишга тайёр эмасмиз, патент тизимини тарк этиш яхши бўларди. Акс ҳолда, коррупцияга йўл очилади, солиқ органлари жарима солмаслик учун пул талаб қилади. Ҳозирданоқ улар назорат-касса машинасини ўрнатишни талаб қилмоқдалар, солиқ идоралари ҳатто дам олиш кунлари ҳам келишяпти, агар касса бўлмаса, жаримага тортишмоқда», — дейди иштирокчилардан бири Адилет Бейшенов.

Худди шундай акция 30 май куни Талас шаҳрида ҳам бўлган. 100 га яқин тадбиркор Президент Садир Жапаров ва Вазирлар Маҳкамаси Раиси Оқилбек Жапаровга патент бўйича аввалги тизимни қолдиришни сўраб мурожаат қилди.

2022 йилдан Қирғизистонда Солиқ кодексининг янги таҳрири кучга кирди, унга кўра Вазирлар Маҳкамаси яширин иқтисодиёт ҳажмини камайтириш ва назорат-касса машиналаридан (НКМ) кенг фойдаланишни йўлга қўйишга умид қилмоқда. Қонунга кўра, 2023 йилгача барча савдолар НКМ ёрдамида амалга оширилиши керак. Бозорларда НКМ 1 августдан бошлаб қўлланилиши керак.

Бироқ, йил бошидан бери бозор савдогарлари ислоҳотларни бекор қилиш ва патентларга кўра, аввалги иш режимини қайтаришни талаб қилиб, бир нечта акцияларни ўтказдилар. Бозор вакиллари билан ўтказилган учрашувлардан сўнг ишчи гуруҳ тузилиб, ҳозирда бозорлар учун алоҳида солиққа тортиш тартибини жорий этиш ва назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

XS
SM
MD
LG