Ссылки доступа

Ўзбекистонда олигархлар пайдо бўлиш хавфи юқори — Жаҳон банки


Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда ҳокимиятни шахсий манфаатлар эгаллаб олиш хавфи максимал даражага етиши кутилмоқда.

Ташкилот махсус ва ношаффоф имтиёзлар беришни асосий хусусиятлардан бири деб билади. Маслаҳатлашувлар чоғида тадқиқотчилар ер ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ юқори ташвишларни қайд этдилар.

Ўзбекистонда шахсий манфаатлар учун ҳокимиятни эгаллаб олиш хавфи 2025 йилгача энг юқори даражага етиши мумкин. Жаҳон банки томонидан ўтказилиб, бир неча кун муқаддам эълон қилинган мамлакатнинг иккинчи тизимли диагностикасида бу ҳақда сўз боради.

Собиқ иттифоқ ҳудудидаги бошқа давлатлар, хусусан Россия ва Украинадаги қайта ўзгартишлар тажрибаси олигархларнинг шаклланиши ва давлатни эгаллаб олиш энг кўп ислоҳотлар жараёнинг ўта муҳим икки босқичида содир бўлади, дейилади ҳисоботда. Улар — давлат назоратининг қисқариши ҳамда ер давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёни.

Ҳар икки босқич ҳам ҳукумат томонидан белгилаб берилган энг муҳим устувор йўналишлар бўлиб, келгуси беш йилликда Ўзбекистоннинг тизимли диагностика натижаларига асосланади.

Постсовет ҳудудидаги ўтиш даври иқтисодиётида олинган сабоқлар ҳам одатда икки хил манфаатлар мавжудлигини кўрсатади:

  • хусусийлаштириш натижасида пайдо бўлаётган янги ресурслар устидан назоратни қўлга киритиш ҳирси (эрта ва ўрта босқичларда жараёнга қўшилганлар ютиб кетади);
  • бугун таъсирли ўринларни эгаллаган ва ислоҳотлар жараёнига тўсқинлик қилишдан манфаатдор бўлган шахслар.

«Маслаҳатлашувлар чоғида барча манфаатдор томонлардан олинган маълумотлар Ўзбекистонда ҳар икки хавф даражаси баландлиги ҳамда ер ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар юқори эканлигини тасдиқлайди», — дейилади хабарда.

Жаҳон банкининг қайд этишича, давлатни эгаллашнинг энг муҳим каналларидан бири, бу — махсус, ношаффоф имтиёзлар беришдир.

Постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам яхши алоқага эга бўлган тадбиркорлик субъектлари «анъанага кўра, президент, Вазирлар Маҳкамаси ёки вазирлар қарорлари орқали алоҳида тартибларни музокара қилиш имкониятига эга», уларга солиқ ва божхона талабларидан озод қилиш, ресурслардан имтиёзли фойдаланиш ва ҳатто потенциал рақобатчилар учун аниқ янги тўсиқларни яратиш имконияти берилган, дейилади ҳисоботда.

Ушбу рағбатлантиришларнинг баъзилари расмий ҳукумат нашрларида эълон қилинади, аммо диагностика давомида маслаҳатлашган хусусий сектор манфаатдор томонлар кўплаб келишувлар, айниқса, молиявий рағбатлантиришлар яширин тарзда муҳокама қилинишини ва ҳеч қачон ошкор этилмаслигини таъкидлашди. Натижада, янги корхоналар учун рақобатчиларнинг бозордаги ҳақиқий афзалликларидан хабардор бўлиши қийин, дейилади ҳисоботда.

«Бироқ манфаатдор томонлар қонуннинг имтиёзлар тўғрисидаги маълумотлар аниқ бўлиши ва норматив ҳужжатлар шаклида эълон қилиниши ҳақидаги талаби анъанавий тарзда юқори даражада қўллаб-қувватланаётганини ҳам таъкидламоқда. Ушбу келишувларнинг тўлиқ ошкор этилиши ҳукумат амалга ошириш учун қулай бўлган ислоҳотларнинг муҳим элементидир», — дея таъкидлайди Жаҳон банки.

XS
SM
MD
LG