Ссылки доступа

Январь воқеаларидан кейин ҳибсга олинган Қозоғистон собиқ мудофаа вазирининг ҳибсда қолиш муддати узайтирилди


Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Мурат Бектановни ҳибсда сақлаш муддати 20 июнга қадар узайтирилди, деб хабар қилди Олмаота суди матбуот хизмати.

19 февраль куни Бош прокуратура собиқ мудофаа вазири Мурат Бектановни «иш жойидаги ҳаракатсизлик»да айблаб, терговга қадар текширув бошлади. Бектанов 20 февраль куни ушланиб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Икки кундан кейин тергов суди собиқ вазирга нисбатан икки ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини санкция қилди.

Аввалроқ Бош прокуратура 19 февралдан бери Бектановга нисбатан Жиноят кодексининг 451-моддаси 3-қисми («Жанговар вазиятда хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш») бўйича терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилган эди.

Қозоғистоннинг 56 ёшли собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов январь ойидаги қонли воқеалардан бир ярим ой ўтиб ҳибсга олинган эди. У Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг 2021 йил августида Жамбил вилоятидаги ҳарбий омборда содир бўлган ҳалокатли портлашлардан сўнг фармони билан мудофаа вазири лавозимига тайинланган эди. Бектанов Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимида тўрт ой ишлаган. Жорий йилнинг 19 январида Тўқаев Бектановни январь воқеалари чоғида «қўмондонлик фазилатларини кўрсатмаганини» айтиб, лавозимидан озод қилган эди.

XS
SM
MD
LG