Ссылки доступа

Жанубий Осетияда Россияга қўшилишга оид референдум тўхтатилди


Жанубий Осетиянинг янги президенти Алан Гаглоев республиканинг Россия таркибига кириши тўғрисидаги референдумни тўхтатиб қўйди. Аввалроқ республиканинг собиқ раҳбари Анатолий Бибилов референдум санасини 17 июлга белгилаган эди, дея хабар қилди ТАСС.

Гаглоев республиканинг бундан буёнги интеграцияси билан боғлиқ масалалар бўйича Россия томони билан маслаҳатлашувлар ўтказилиши зарурлигини таъкидламоқда. Референдум тўғрисидаги фармон музокаралар тугагунича тўхтатилган.

Жанубий Осетиянинг Россия таркибига қўшилишига оид референдум тўғрисидаги фармон собиқ президент Анатолий Бибилов томонидан имзоланган эди.

2022 йил апрелида Жанубий Осетияда президент сайлови ўтказилиб, унда 56,09 фоиз овоз билан “Нихас” партияси лидери Алан Гаглоев ғолиб топилган.

Жанубий Осетия 1990 йилгача Грузия ССР таркибидаги мухтор вилоят бўлган, 1992 йилдан тан олинмаган мамлакат ўлароқ кўрилади. 2008 йил августида Россия билан Грузия ўртасидаги беш кунлик уруш ортидан Жанубий Осетия Москва томонидан мустақил республика ўлароқ тан олинган. 2009 йили Грузияда Жанубий Осетия Россия томонидан ишғол қилинган ҳудуд эканига оид қонун қабул қилинган.

Кремль референдум ўтказиш ғояси дахли йўқлигини билдирган. Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин Грузия Москвага қарши санкцияларни дастаклаган эмас. 13 май куни Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили Тбилиси Россия томонидан ишғол қилинган ҳудудлар билан боғлиқ масалани ҳарбий йўл билан ҳал қилишни режаламаётганини билдирган, дея хабар қилган эди Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси.

XS
SM
MD
LG