Ссылки доступа

Қирғизистонда Атамбоевнинг қароргоҳи мусодара қилинди


Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг қароргоҳи давлат фойдасига мусодара қилинди. Бу ҳақда давлат мулкини бошқариш фонди маълум қилди.

"Чуй области Аламедин райони Қўйтош қишлоғидаги 2,70 гектар майдонда жойлашган Алмазбек Атамбоевга тегишли уй мусодара қилинди ва давлат тасарруфига ўтказилди", - дейилади фонд хабарида.

Маълум қилинишича, мазкур маскан негизида "кекса ёшли фуқаролар учун стационар муассаса" қуриш таклиф этилмоқда.

Атамбоевнинг адвокати Замир Жоошевнинг сўзларига кўра, фонд ходимлари мазкур мулк мусодара қилинишини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган.

"Фонд раиси ўринбосари Канат Рискулов уч кун ичида Алмазбек Атамбоевнинг уйини бўшатиш бўйича оғзаки ултиматум қўйган. Ҳеч қандай ҳужжат кўрсатишмади, Атамбоевнинг оила аъзоларини чиқариб юбориш ҳақидаги суд қарорини гапирмаса ҳам бўлади", - деди Жоошев.

Атамбоев 2020 йил июнда коррупцияда айбдор деб топилиб 11 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.

Тергов ҳужжатига кўра, у бир гуруҳ шахслар билан криминал авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан озод қилинишига ёрдам берган.

Батукаев иши бўйича ҳукмдан сўнг Атамбоев 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига жойлаштирилган.

XS
SM
MD
LG