Ссылки доступа

Украинада Россиянинг яна икки ҳарбийси узоқ муддатга қамалди


31 май куни Украинанинг Полтава вилояти Котелев туман суди асирга олинган икки нафар рус аскарининг ҳар бирини 11 йил 6 ойданга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд уларни Урушнинг биринчи куни – 24 февралда Харьков вилоятида тинч аҳоли яшовчи уйларни бомбардимон қилганликда айбдор деб топди.

Прокуратура судланувчилар Александр Бобикин ва Александр Ивановларга 12 йилдан қамоқ белгилашни талаб қилаётган эди. Улар Жиноят кодексининг уруш қоидалари ва тартибларини бузиш моддаси асосида судланди.

26 май куни ўтган суд мажлисида Александр Бобикин ва Александр Иванов Украина қишлоқларини Россиянинг Белгород вилоятидан туриб ўққа тутган артиллерия қисмида хизмат қилганларини тасдиқлаган.

Бобикин “Град” артиллерия тизими ҳайдовчиси ва ўқловчиси бўлган. Иванов эса “Град” тизими наводчиги эканини тан олди ва ўз қилмишидан афсусда эканини айтган ҳолда, суддан озроқ жазо муддати берилишини илтимос қилди.

Судланувчиларнинг адвокати ўз ҳимоясидаги шахслар ҳарбий буйруқни ижро этганлари ва бунинг учун афсусда эканликларини тан олганларини пеш қилган ҳолда, суддан камроқ жазо муддати белгилашни сўранди.

Терговнинг маълум қилишича, Бобикин ва Иванов Харьков вилоятидаги қишлоқларни икки марта ўққа тутган. Уларнинг ҳаракати оқибатида Казачья Лопань қишлоғидаги бир неча ҳовли ва Ветеринарное қишлоғидаги ветеринария лицейи вайрон бўлган.

Бу Россия ҳарбийларига нисбатан Украинада олиб борилган иккинчи суд жараёнидир. 23 май куни Киев суди Россия армиясининг 21 ёшли сержанти Вадим Шишимаринни Сумск вилоятида 62 ёшли тинч аҳоли вакилини отиб ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

XS
SM
MD
LG