Ссылки доступа

Германияда тожикистонлик беш нафар фуқаро судланди


Германияда тожикистонлик беш нафар фуқаро «Исломий давлат» экстремистик гуруҳи ёки ИШИДга аъзоликда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм 31 май куни эълон қилинган.

Дюсселдорф суди беш нафар тожикистонликни турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилди: уч йилу саккиз ойдан то тўққиз ярим йилгача. Маҳкумлар ва уларнинг адвокатларининг ҳукм юзасидан фикрлари номаълум. Аввалроқ, маҳкумлардан бирининг отаси ОАВга ўғлининг тадбиркорлик билан шуғулланаётгани ва Душанбега чет эл автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар жўнатганини айтган эди.

Суд маълумотларига кўра, гуруҳ Стокголмдаги портлаш (2017) ва Венада тўрт кишининг ўлдирилиши (2020) ташкилотчилари билан алоқада бўлган.

«26 ёшли Суннатулло К. Германия ғарбида ислом танқидчисини ўлдиришга урингани учун 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. 33 ёшли Фарходшоҳ К. Албанияда қотиллик тайёрлагани учун 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳужумчилар нишонни аниқламагани учун қотиллик амалга оширилмади», — дейилади суд баёнотида.

34 ёшли Муҳаммадали Г., 29 ёшли Азизжон Б. ва 25 ёшли Комрон жиноий ташкилотда иштирок этганликда айбдор деб топилди.

Суд шунингдек, «бу одамлар экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган» ИШИД номидан ҳужумлар уюштиришга қасамёд қилганини ҳам таъкидлади. Манбага кўра, улар 2019 йилдан буён «Ислом давлати» экстремистик гуруҳининг Афғонистондаги етакчиларидан бири билан алоқада бўлган.

Тожикистон расмийларига кўра, 2013 йилда ИШИД ташкил этилганидан бери 2000 дан ортиқ Тожикистон фуқаролари ИШИД етакчилигидаги экстремистик ва террорчи гуруҳлар сафига қўшилиш учун Сурия ва Ироққа борган.

Улардан юзлаб одамлар ҳалок бўлди ва яраланди, бир қисми Тожикистонга қайтишга муваффақ бўлди. Ўз ихтиёри билан қайтганлар амнистияга, қолганлари эса узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида ИШИД фаоллашгани ҳақида хабарлар бор.

XS
SM
MD
LG