Ссылки доступа

Тожикистонда машҳур блогернинг онаси 2 йиллик уй қамоғига ҳукм қилинди


Мавджигуль Гарибова - мать известного блогера и критика властей Джунайдулло Худоёрова
Мавджигуль Гарибова - мать известного блогера и критика властей Джунайдулло Худоёрова

1 июнь куни Тожикистон шарқидаги Лахш тумани суди таниқли блогер Жунайдулло Худоёровнинг 66 ёшли онасини безориликда айбдор деб топиб, 2 йиллик уй қамоғига ҳукм қилди.

Тергов маълумотларига кўра, Рашт туманида яшовчи Мавжигул Ғарибова ҳамқишлоғи Алишер Насриддинга тан жароҳатлари етказган. Айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмади.

Алишер Насриддин ҳам безориликда айбланиб, 3000 сомоний (тахминан 260 доллар) жарима тўлашга ҳукм қилинган. Маҳкумнинг ҳукмга нисбатан фикри номаълум.

Мавжигул Ғарибова 1 июнь куни Озоди радиосига берган интервьюсида Рашт вилояти Ички ишлар вазирлиги ва прокуратураси ходимлари томонидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари кетаётганидан норозилигини билдирди.

«Уларда менинг айбим ҳақида ҳеч қандай далил йўқ эди. Мен бошиданоқ Алишер Насриддинни суд-тиббий экспертизадан ўтказинг, деб туриб олдим, аммо терговчилар бунга ҳожат йўқ, жароҳат белгилари йўқ, дейишди. Шунга қарамай, улар айбли ҳукм чиқариш учун қўлларидан келганини қилишди», — деди аёл.

Алишер Насриддин қотиллик иши бўйича судланганлардан бири, Мавжигул Ғарибованинг набираси Алиризо Худоёровнинг укаси. 2021 йилнинг 11 июль куни Рашт тумани Яшм қишлоғида бўлиб ўтган можаро чоғида Рашт давлат университети талабаси 21 ёшли Алиризо Худоёров пичоқлаб ўлдирилган. Фожиадан сўнг дарҳол қотилликда гумонланувчи сифатида Рашт туманида яшовчи Зафаржони Насриддин қўлга олинди.

Мавжигул Ғарибова ўзини туҳмат қурбони деб билганлиги сабабли Тожикистон президенти девонига ва бошқа идораларга мурожаат қилмоқчи эканлигини айтди.

Мавжигул Ғарибованинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойида қизи Валаматни кўрган бўлиб, уйига қайтиб келгач, йўлда Алишер Насриддинни учратиб қолган ва у унга кинояли гаплар айтган.

66 ёшли Мавжигул Ғарибова ва унинг қизи Валаматга нисбатан «безорилик» моддаси бўйича жиноий иш ўтган йилнинг ноябрь ойида Рашт вилояти Ички ишлар вазирлиги томонидан қўзғатилган эди. Бироқ тез орада жиноят таркиби йўқлиги сабабли Валаматнинг иши тугатилди.

15 апрель куни Рашт туман суди Мавжигул Ғарибовага нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Бироқ кейинчалик «ошкоралик ва холисликни таъминлаш мақсадида» жиноят иши Лахш туман судига ўтказилди.

Мавжигул Ғарибова таниқли блогер ва ҳукумат танқидчиси Жунайдулло Худоёровнинг онаси. Блогернинг ўзи аввалроқ жиноий жавобгарликка тортилган. 2017 йилда у ижтимоий тармоқлардаги постлари остида изоҳ қолдиргани, мамлакатда тақиқланган Салафия ҳаракатини қўллаб-қувватлагани учун 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У 1 йил 10 ой ғукмни ўтаб, амнистия билан озод қилинган.

2018 йилда Тожикистон мухолифатдаги Социал-демократик партияси фаоли Жунайдуллонинг укаси Фарҳод “Рашт тумани ҳокимлиги юқори мансабдор шахсларини ҳақорат қилгани учун» 15 суткага ҳибсга олинган эди.

Жунайдуллонинг фикрича, маҳаллий ҳокимият коррупция ва суиистеъмолликка йўл қўйган туман амалдорларини қоралагани учун ўзидан ва унинг оиласидан ўч олмоқда.

Раштликларнинг айтишича, Худоёровлар ва Насриддиновлар оиласи ўртасидаги можаро аввал ҳам бўлган, бироқ 2021 йил июлида Мавжигул Ғарибованинг набираси Алиризо Худоёров ўлдирилиши ортидан янада кучайган.

Тожикистон Олий суди Алиризо Худоёровни ўлдиришда айбланган икки шахс – Зафар Насриддин (Алишер Насриддиннинг укаси) ва Абдулло Азимовни 19 ва 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

XS
SM
MD
LG