Ссылки доступа

Украинадаги урушда қатнашган қозоғистонликларга нисбатан иш очилди


Миллий хавфсизлик қўмитасининг пойтахт бошқармаси Украина ҳудудидаги қуролли тўқнашувда иштирок этган Қозоғистон фуқаросига нисбатан терговга қадар текширув бошлади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Иш чет давлат ҳудудидаги қуролли можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда ёлланма белгилари бўлмаган ҳолда қасддан ноқонуний иштирок этиш моддаси бўйича қўзғатилган.

Ушбу модда беш йилдан тўққиз йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. Хавфсизлик хизмати қозоғистонлик фуқаронинг исми ва фамилиясини айтмади ва у қайси тарафда жанг қилаётганига аниқлик киритмади.

Бугунги кунга қадар, ОАВ хабарларига кўра, кўнгилли сифатида фронтга кетган ва 24 февраль куни мамлакатга бостириб кирган рус қўшинларига қарши Украина Қуролли Кучлари томонидаги жангларда қатнашган биргина қозоғистонлик ҳақида маълум. ОАВ Қостанай вилоятида туғилган Жасулан Дуйсембин ҳақида аввалроқ маълум қилган эди.

«Ҳеч қандай билдиришнома бўлмаган ва (ДХҚ) менинг исмим ва фамилиямни айтишдан қўрқишади, чунки мен уларга таҳдид қиламан. Борган сари кўпроқ одамлар менга қўшилиб, мени тинглай бошладилар», — деди Дуйсебин.

Биринчи марта Жасулан Дуйсембин ҳақида Медиазона хабар берди. Нашрнинг ёзишича, Дуйсембин февраль ойидан бери Донецк вилоятида Украина томонида жанг қилиб келаётган воқеаларнинг бевосита иштирокчиси. Нашрга берган интервьюсида қозоғистонлик Украинага илк бор 2015 йилда «у ердаги ҳамма нарса ҳақиқатан ҳам Россия ОАВ таърифлаганидек ёмонми ёки йўқлигини текшириш» учун келганини айтди. У «бахтли яшашни хоҳлайдиган оддий одамларни» кўрганидан кейин, Украинада яшаш учун қолган.

Май ойининг охирларида ижтимоий тармоқларда Донбассда Жасулан Дуйсембин вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Шундан сўнг у жароҳат олгани ва касалхонада эканлиги ҳақида видео мурожаат билан чиқди ва унинг ўлими ҳақидаги хабарларга ишонмасликка чақирди.

XS
SM
MD
LG