Ссылки доступа

Тошкентдаги Эндокринология маркази кўчирилмоқда, беморлар хавотирда


Тошкентдаги Республика Эндокринология марказининг ҳозирги беш қаватли биноси 1974 йилда Мирзо Улуғбек туманида қурилган.

Марказий Осиёда етакчи ҳисобланган Тошкентдаги Республика Эндокринология маркази бошқа жойга кўчирилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган марказ ходимлари сентябрь ойига қадар Тошкентнинг Тиббиётчилар шаҳарчаси ёнида қурилган янги бинога кўчишлари ҳақида огоҳлантирилганликларини айтишди.

Беморлар эса кўчиш сабаб маълум муддат ўта муҳим муолажаларини ололмай қолишларидан хавотирга тушган.

Марказнинг ҳозирги биноси бузилиб, бўшаган ер унинг ёнида қурилган президент мактабига қўшиб берилиши ҳақида гап-сўзлар, бор дейди Озодлик суҳбатлашган шифокорлардан бири.

“Сентябргача кўчамиз. Клиника бор, болалар Эндокринологияси бор, Эндокринология илмий маркази бор, у алоҳида бинода, ҳаммасини кўчиряпти. Бу ерни президент мактабига беради, дейишяпти. Биз ТошМИга кўчамиз”, - дейди исми очиқланмаслигини истаган марказ ходими.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ер энг қиммат ҳудудлар сирасига киради, бу райондаги бир гектар ернинг ўртача минимал нархи 20 миллиард сўмдан ошади.

Айни пайтда эски бино e-auksion орқали сотувга қўйилиши ҳақида ҳам гап-сўзлар бор.

Марказ ходимлари орасида марказдан бўшаган ерга Ўзбекистон президентининг тўнғич куёви Ойбек Турсунов кўз тиккани ҳақида гап-сўзлар урчиган.

Аммо, Озодлик бу иддаоларни тасдиқловчи ҳужжатга эга эмас.

Эндокринология маркази ёнида уч йил аввал президент мактаби қурилган. Озодлик суҳбатлашган беморлар ҳамма муаммо шу мактабнинг очилиши билан бошланганини айтишади.

Уларга кўра, мактаб иш бошлаши биланоқ касалхонада кўплаб ноқулайликлар пайдо бўла бошлаган.

Қандли диабет касаллигига чалинган беморнинг таъкидлашича, президент мактаби қурилиши сабаб катта йўлга олиб чиқадиган асосий кириш-чиқишлар бошқа томонга кўчирилган.

Беморлар эса касалхонага кириш учун анча масофани босиб ўтишга мажбур бўлишмоқда.

Эндокринология марказида анчадан бери муолажа олиб келаётган бошқа бир бемор касалхона кўчирилиши боис муаммолар яна ҳам кўпайиши, у маълум муддат ўта муҳим муолажаларини ололмай қолишидан хавотирда эканини айтади.

“Кўчиш ваҳимаси ҳозирдан бошланган. Касалхона кўчирилиши сабаб баъзи беморларнинг операцияси узоқ вақтга кечиктириляпти, бошқа беморлар уни эртароқ муддатга ўтказишга розилик беришига мажбурланмоқда. Ваҳоланки, ампутациядан сўнг яра бутунлай битмагунича, умуман операциялар ўтказиш ниҳоятда ҳаёт учун хавфлидир”, - дейди исми очиқланишини истамаган бемор..

Эндокринология маркази қошида 2 йил аввал янги поликлиника корпус биноси ҳам қурилган. Республика миқёсидаги ягона ҳисобланган бу поликлиника ҳам кўчирилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган шифокорлар уч йил давомида марказнинг кўчирилишига қаршилик қилиб, эски жойни сақлаб қолишга ҳаракат қилганликларини айтишади.

"Бу нафақат республика, балки бутун минтақадаги эндокринология маркази. Бу ерда илмий изланишлар ҳам олиб борилади. Катта марказни ҳозир ТошМИни таркибий қисмига айлантириб қўйишмоқчи. Яқинда поликлиника қурган, уни ҳам кўчиришяпти, - дейди шифокор.

Тошкентдаги Республика Эндокринология марказининг ҳозирги беш қаватли биноси 1974 йилда Мирзо Улуғбек туманидаги Академиклар шаҳарчасида қурилган.

Шу ҳудуддаги икки алоҳида беш қаватли бинода 288 ўринли стационар бўлим ва 250 кишига мўлжалланган маслаҳат-диагностика клиникаси бор.

Ўзбекистон Соқғлиқни сақлаш вазирлигининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими марказнинг кўчирилишини Озодликка тасдиқлади, лекин бинонинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

“Президент қарори асосида бўляпти бу. Ҳозирги марказ базаси эскирган, талабга жавоб бермайди. Шунинг учун ТошМИ ҳудудида замонавий бино қурилган шу жойга кўчади. У ерда радиология, нур терапиясидан тортиб томография, линейний ускорителли муолажа бўлимлари бўлади. Тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун қилиняпти қайтанга бу”, - дейди вазирлик мулозими.

Эндокринология соҳасида Марказий Осиёда етакчи саналган марказда элликдан ортиқ врач фаолият юритади.

Марказ сайтида келтирилишича, ҳар йили у ерда турли эндокрин касалликларга чалинган 50 мингдан ортиқ бемор ностационар, 8 мингдан ортиқ бемор эса стационар шароитда даволанади.

XS
SM
MD
LG