Ссылки доступа

Шакар ишлаб чиқариш беш ойда 16 фоизга кўпайган Ўзбекистонда шакар қимматлашига бошқа давлатлар сабабчи экани билдирилди


Ўзбекистонда шакар нархининг кўтарилганига изоҳ берган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мамлакатдаги қимматчиликка расмий Тошкент эмас, қўшни давлатлар ва айниқса хориж биржалари айбдор эканини иддао қилди.

Вазирликнинг билдиришича, бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасидаги ҳамкорлигининг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни “қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди”.

Вазирлик Лондон биржасида бир тонна шакарнинг нархи 500 доллардан 575 долларга, яъни 15 фоизга кўтарилганини, бу шакарни Ўзбекистонга етказиб бериш ҳаражатлари 1 тонна учун аввалги 173 доллардан 271 долларга кўтарилганини, яъни 57 фоизга ошганини таъкидлади.

Бунинг оқибатида “Ўзбекистон чегарасига етказиб берилаётган тайёр шакарнинг нархи божхона ва солиқ тўловларисиз йил бошидаги 674 доллардан 840 долларгача ёки 25 фоизга ошган”.

Шакар нархининг кўтарилишига қўшни давлатлар ва биржалардаги бозор тартиблари сабаб бўлганини иддао қилган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги айни пайтда ўз баёнотига зид равишда, мамлакатда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилнинг майида ўтган йилнинг шу даврига қиёсан 16 фоизга, ошганини маълум қилган.

Аниқ рақамларга таяниладиган бўлса, 2021 йилнинг шу давригача 224 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилнинг беш ойида шакар ишлаб чиқариш ҳажми 35 минг тоннага кўпайиб, 259 минг тоннани ташкил қилган.

Бундан ташқари, бозордаги таклиф ҳажми биржада аввал 177 минг тоннани ташкил этган бўлса, сўнгги пайтда 186 минг тоннага етган. Вазирлик, шундан келиб чиққан ҳолда “шакар нархи ташқи омиллар таъсирида ўсгани кузатилгани”ни эътироф этмоқда.

Расман маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда шакарнинг бир килоси 9 500 – 13 000 сўм, айрим савдо нуқталарида 14 минг сўмдан сотилмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 259 минг тонна шакар етиштирилиган Ўзбекистонда биржадаги талаб 186 минг тоннани ташкил этган шароитда маҳсулот нархи нега кўтарилди, деган саволни очиқ қолдирмоқда.

Бу саволга жавоб бериш ўрнига вазирлик Ўзбекистонда шакар минтақанинг бошқа давлатларига қараганда арзон нархда сотилаётганидан “фахрланган”.

Вазирликнинг иддао қилишича, Қирғизистонда май ойида шакар нархи 10 фоизга қимматлашган ва 14 800 сўмга етган. Қозоғистонда шакар 8,7 фоизга қимматлаб, бир килоси 15 400 сўмдан сотилаяпти.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги шакар нархи қимматлашувининг олдини олиш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми июнь ойидан бошлаб 50 фоизга оширилишини эълон қилди.

Шунингдек, шакар ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпайтирилиши ва 720 минг тоннани ташкил этиши режалаштирилмоқда.

XS
SM
MD
LG