Ссылки доступа

Эмомали Раҳмон Марказий Осиёда сув танқислашуви эҳтимолидан баҳс этди


Тожикистон президентига кўра, музликларнинг эришда давом этиши аҳоли кўпайиши ва иқтисодий ривожланиш натижасида сувга талаби ортаётган Марказий Осиё учун салбий оқибатларни вужудга келтиради.

Эмомали Раҳмон бу мулоҳазани сув-иқлим коалицияси раҳбарларининг 4 июнь куни ўтказилган учинчи йиғилиши чоғида айтган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати. Жорий ҳафтада Душанбе сув муаммоларига бағишланган бир неча халқаро анжуманга мезбонлик қилади.

Э. Раҳмон ўз маърузасида музликлар эришига эътибор қаратган. У сўнгги бир неча ўнйилликда Тожикистонда 1000 дан зиёд музлик эриб битгани, натижада мамлакатда музликлар майдони қарийб учдан бир ҳиссага қисқарганини таъкидлаган.

Тожикистон президенти музликлар эришда давом этса, Марказий Осиё сув танқислигига дуч келишини айтган. Э. Раҳмонга кўра, Тожикистон ўз сув захираларининг атиги 4 фоизидан фойдаланади, қолган сув қуйида жойлашган мамлакатларга кетади.

“Ўтган асрнинг 60-йилларида минтақада сув таъминоти аҳоли жон бошига йилига 8 минг кубометрни ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич икки баравардан зиёдга ортган”, деган Эмомали Раҳмон ўз чиқишида.

2019 йили тожик олимлари Зарафшон музлиги 40 йилда тахминан 40 метрга қисқаришини аниқлаган эдилар. Ушбу музлик Марказий Осиёнинг муҳим сув манбаларидан бири бўлмиш Зарафшон дарёси бошланадиган Зарафшон ва Туркистон тоғ тизмалари орасида жойлашган.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги трансчегаравий дарё бўлмиш Зарафшон ҳавзасида миллионлаб одам яшайди, хусусан, Ўзбекистонда 6 миллион кишининг тақдири шу дарёга боғлиқ. Зарафшон музлигининг узунлиги 900 километрга яқин, шундан 500 километри Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.

Тожикистонда Марказий Осиёнинг асосий сув манбаи бўлиб, унда минтақа сув захираларининг 65 фоизи тўпланади.

XS
SM
MD
LG