Ссылки доступа

Ўзбекистон Туркманистон ҳудуди орқали транзит юк ташиш имконига эга бўлди


Жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан хорижий давлатлар транспорт воситаларига Туркманистон ҳудуди орқали транзит юк ташувларини амалга оширишга рухсат этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, “Олот” (Ўзбекистон) назорат-ўтказиш маскани орқали Туркманистоннинг “Фароб” НЎПга кирган юк машиналари мамлакат бўйлаб ҳаракатланиб, “Сарахс” НЎП орқали Эронга кириб кетади.

Хабарномада Туркманистонга кирган юк машиналари автокарвон шаклида ҳаракатланиши шартлиги, бундай карвонлар Ўзбекистон ва Эрон чегарасидан 1 км масофада шакллантирилиши, автокарвон ташкил этиш тонгги соат 8:00 дан бошланиши билдирилган.

Автокарвонлар йўл полицияси махсус машиналари кузатуви остида ҳаракатланиши, ҳаракат давомида ҳайдовчиларга тўхташ ва машина кабинасидан чиқиш тақиқланиши урғуланган.

“Юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси ҳаракати давомида ҳайдовчиларнинг дам олиши, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, ёнилғи қуйиш, зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олиш учун махсус белгиланган автотураргоҳларда тўхташ кўзда тутилган”, дейилган Транспорт вазирлиги хабарномасида.

XS
SM
MD
LG