Ссылки доступа

Қозоғистон РМК: Конституцияга тузатишларни сайловчиларнинг 77 фоизидан кўпроғи ёқлади


Референдум марказий комиссияси 6 июнь куни эрталаб референдумнинг дастлабки натижаларини эълон қилди: унга кўра, овоз беришда иштирок этган қозоғистонликларнинг 77,18 фоизи Конституцияга тузатишларни ёқлаган, 18,66 фоиз сайловчи эса тузатишларга қарши овоз берган.

“Тузатишларни маъқуллаб овоз берган фуқаролар сони референдумда иштирок этганлар умумий сонининг 77,18 фоизини ташкил қилди. 17 ҳудуднинг барчасида мутлақ кўпчилик тузатишларни дастаклади”, дея иқтибос келтирган РМК раиси Нурлан Абдиров сўзларидан Озодликнинг қозоқ хизмати.

Референдум марказий комиссияси маълумотига кўра, 5 июнь (Нур-Султон вақти билан) соат 22.00 ҳолатига давомат рўйхатдаги фуқаролар умумий сонининг 68,44 фоизини ташкил этган.

Давомат бўйича энг юқори кўрсаткичлар Туркистон (80,66 фоиз), Қизилўрда (79,89), Шарқий Қозоғистон (77,49) ва Қарағанда (77,39) вилоятларида қайд этилган. Энг паст кўрсаткич эса Олмаота (33,30 фоиз) ва Нур-Султон (57,06) шаҳарларида кузатилган.

Референдумда жами 8 030 739 киши овоз бергани айтилмоқда.

Давомат 50 фоиздан ортиқ бўлган тақдирда референдум ўтказилган, деб ҳисобланади.

Қозоғистонда 5 июнь куни мамлакат Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказилган эди.

Референдумда 56 та тузатиш яхлит туркум ҳолида учун овозга қўйилган: варақаларда битта савол ва “ҳа” ёки “йўқ” деган жавоблар кўзда тутилган, холос.

Ҳукумат мазкур тузатишлар суперпрезидентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга эга президентлик республикасига ўтишга қаратилганини иддао қилмоқда. Бироқ, танқидчилар фикрича, лойиҳа ҳокимиятнинг авторитар табиатини ўзгартирмайди.

Халқаро экспертларга кўра, Тоқаев иккинчи муддатга сайланиш учун шу йўл билан сиёсий “очко” ишламоқчи.

Мустақил кузатувчилар овоз бериш чоғида қонунбузарликлар бўлгани ҳақида гапиришмоқда. Чунончи, кузатувчиларнинг сайлов участкаларига кириб-чиқиши чеклангани, фото ва видеотасвирга олиш тақиқлангани, овоз бериш махфийлиги бузилгани, шахсни тасдиқловчи оригинал ҳужжат тақдим этилмагани ҳолда сайлов варақалари берилгани, қариндошлар ўрнига овоз бериш, бир кишининг бошқа участкаларда такрор овоз бериши каби ҳолатлар қайд этилган.

XS
SM
MD
LG