Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти депутатлари вакцина сотиб олиш учун 12,5 миллион доллар кредит ажратиш бўйича қарорни кейинга қолдирди


Кредит келишуви лойиҳаси ратификация учун Жогорку Кенешга тақдим этилди, унга кўра Қирғизистон COVID-19га қарши вакцина сотиб олиш учун Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) 12,5 миллион доллар кредит олишни режалаштирмоқда.

Жогорку Кенеш депутатлари 6 июнь куни ижтимоий сиёсат бўйича қўмита йиғилишида ушбу масалани муҳокама қилди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурийла Шериева ушбу вакциналарни 2024 йилгача сотиб олиш режалаштирилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда захирада 2,5 миллион доза вакцина мавжуд, улардан 1,5 миллион дозасининг яроқлилик муддати жорий йилнинг июль ойида тугайди.

Бироқ депутатлар келишувга қарши чиқди. Айбек Маткеримовнинг эслашича, айнан вакциналар сотиб олингани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алйимқодир Бейшеналиев ҳибсга олинган ва ҳозир у тергов изоляторида.

«Нега кредит олиб, янги вакциналарни сотиб олиш керак, агар шунча вакцина муддати аллақачон тугаган бўлса? Кредит фоиз билан қайтарилиши керак, бу жуда катта миқдор. Сизда бор нарсадан фойдаланишга эса вақтингиз йўқ», — деди бошқа депутат Жилдиз Садирбоева.

Натижада парламент аъзолари муҳокамани кейинга қолдирди, келишув кейинги йиғилишда кўриб чиқилади.

Парламентарийнинг сўзларига кўра, Қирғизистон кредитни 16 йилга тўлайди, шундан дастлабки 8 йил ичида (2030 йилгача) кредит бўйича фоиз ставкаси 1 фоизни, 2030 йилдан 2046 йилгача эса кредит суммасининг 1,5 фоизини ташкил қилади.

2 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев коррупцияда гумонланиб ҳибсга олингани маълум бўлди. Назорат қилувчи орган маълумотларига кўра, у бошқа давлатлардан кўмак сифатида олинган дори воситалари мамлакатда бўлишига қарамай, 1,5 миллиард сомга коронавирусга қарши вакциналарни харид қилиш бўйича кўрсатма берган. Шу билан бирга, ушбу маблағлар оффшор зонага олиб чиқилган.

Бу иш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари Улук-Бек Бектурганов, Республика иммунопрофилактика маркази директори Гулбара Ишенаписова, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари бўлими бошлиғи Султон Сатарбеков ҳам ҳибсга олинган.

Кейинроқ Бош прокуратура Алимқодир Бейшеналиевга нисбатан бошқа жиноий ишлар қўзғатилганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG