Ссылки доступа

Қозоғистон мактабларнинг биринчи синфларида уч тилни бир вақтда ўргатишни бекор қилмоқчи


Қозоғистон жорий мактаб ўқув дастурини ўзгартиришни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда таълим ва фан вазири Асхат Аямагамбетов Нур.кз нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Халқ таълими вазирлиги қарорига кўра, таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларда биринчи синфдан бошлаб фақат қозоқ тили, рус тилида таълим берадиган мактабларда қозоқ ва рус тилларида ўқитилиши белгиланди. Таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларда рус тилини иккинчи синфдан бошлаб ўрганиш режалаштирилган. Улар таълим қозоқ ва рус тилларида олиб бориладиган мактабларда фақат учинчи синфдан бошлаб инглиз тилини жорий этиш ниятида.

«Ўтказилган тадқиқот ва таҳлиллардан сўнг биз биринчи синф ўқувчиси учун бир вақтнинг ўзида учта тилни ўрганиш қийинлигини кўрдик – бу самарасиз», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Таълим ва фан вазирлигида «қарор аллақачон қабул қилинган» ва ҳозирда биринчи синфда таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларда боланинг фақат битта тил – қозоқ тилини ўрганишини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Айгамбетовнинг таъкидлашича, асосий эътибор бола «биринчи навбатда ўз она тилида ўқиш ва ёзишни ўрганишга» қаратилади.

Айни пайтда таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларда биринчи синфда рус ва инглиз тиллари ҳам ўрганилмоқда.

Ўтган ҳафта Қозоғистон парламенти Сенатида таълим соҳасидаги ислоҳотларни биринчи навбатда «халқаро тажрибага эмас, балки мамлакат манфаатларига» қаратиш таклиф қилинган эди.

Депутат Мурат Бахтиёрули Бош вазир ўринбосари Ерали Туғжановга йўллаган сўровида жамиятда таълим соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлардан кўпчилик норози эканига эътибор қаратди.

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Қозоғистонда талабаларнинг атиги 1 фоизи арзон ва сифатли таълим олади, инсон капитали индекси эса 63 фоизни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG