Ссылки доступа

"Буханка" ортидан бошқа турдаги нон ва озиқ-овқат ҳам қимматлаб кетди


Ғаллани фермерлардан бозор нархида сотиб олиш амалиёти нафақат ун ва қолипли (буханка) нон, балки бошқа турдаги ун-дон маҳсулотлари нархи ошишига олиб келди.

1 июндан Тошкент бозорларида қолипли нон 1600 сўмдан 2800 сўмга, яъни 80 фоизга кўтарилди. Ун ва дон маҳсулотларининг аксар қисми ўртача 30-40 фоизга қимматлади.

Ўша куни ун ҳам биринчи марта биржада очиқ савдога қўйилди. Расмий маълумотга кўра, 1-навли уннинг 1 тоннаси 4 минг 241 сўмдан савдога қўйилган, 4 минг 497 сўмдан сотилган. Савдо дўконларида эса 8900 сўмгача чиққан.

Фермерлар буғдойга давлат нархи ошганидан хурсанд: 1 июндан давлат буюртмасидаги 1 килограмм буғдойни фермер 3 минг сўмдан давлатга сотади, ўтган йили 1850 сўмдан сотган. Ошганини эса биржа нархида сотиши мумкин. Деҳқонлар ҳосилнинг чўғи ҳам юқори эканини айтишмоқда.

Россиянинг Украинага босқини оқибатида, ҳозирда дунё бўйлаб буғдой ва дон маҳсулотлари тақчиллиги, бунинг ортидан озиқ-овқат ва бош товарлар нархининг кескин ошиши кузатилмоқда.

Андижонда 25 йилдан бери буғдой ва пахта етиштираётган фермернинг айтишича, бу йил 1 гектар ердан ўртача 5 тоннадан буғдой олишни режаламоқда.

Бунинг 2 тонна 930 килограммини буюртма асосида давлат белгилаган нарх - тоннасини 3 миллион сўмдан сотиши керак. Қолганини эса биржада эркин нархда сотишидан умидвор.

“20-25 июндан ўримни бошлаймиз, деб турибмиз. Давлат буюртмаси учун тоннасига 3 миллион сўмдан нарх берганидан хурсандмиз албатта. Ўтган йили 2 миллион 850 минг сўм тўлашганди, ҳаражатни ҳам қопламаган. Аслида, мен учун буғдойга давлат буюртмаси, бу йилги ёқилғи ва бошқа ҳаражатлар ошгани ҳисобига, 3 ярим минг сўм нарх қўйилса - ўшанда кўнгилдагидай даромад ҳам қилардим. Чунки, ҳозир буғдойнинг бозор нархи 4 - 4 ярим сўм бўлди Андижонда. Лекин, шунисига ҳам мингдан минг шукр, деб турибмиз”, дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан гаплашган фермер.

Бу фермер, бозорда 80 фоизга қадар қимматлаган нон ва 40 фоизгача ошиб улгурган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, шунингдек деҳқончилик учун кетадиган ҳаражатлардан сўнг яна даромад кўра олмаслигидан хавотирда.

Унинг ҳисобича, 1 гектар ерда ўртача 5 тонна буғдой етиштириш учун 11 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаган.

Агар бу ҳосилнинг 3 тоннасини буюртма нархда - 3 миллион сўмдан давлатга сотса, яна 2 тоннасини биржа нархида - ўртача 3 ярим миллион сўмдан сотган тақдирда, жами 16 миллион сўм даромад қилиши мумкин.

Яъни, 1 гектар ерга қилган 11 миллион сўм харажатидан ташқари 5 миллион сўм соф даромад қолиши мумкин.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти Самарқанд вилоятида ишлайдиган мулозим тахминича, бу йилги ҳосил ўрими пайтида буғдой нархининг кескин пастлаши эҳтимоли кам.

Унинг айтишича, жамият омборлари 2 июндан давлат буюртма қилган буғдойни янги нархларда фермерлардан қабул қилишни бошлаган.

“Ҳозир Сурхондарёда ўрим бошланди. Бизда 10-15 июндан бошланади. 5 июлгача давлат буюртма қилган буғдойни фермерлардан сотиб олиб, “Ўздонмаҳсулот” омборларида сақлаймиз. Кейин босқичма-босқич биржага чиқарамиз, талабга кўра. Аслида буғдой ўрими пайтида, нарх тушиши керак. Лекин, бу йилги ҳосил биржага ўртача 3 ярим мингдан чиқади, деб турибмиз. Биринчидан, буғдойни сақлаш, ташиш ва бошқа хизматлар нархи қўшилади. Иккинчидан, дунёдаям буғдой кам, импорт кесилган. Шунинг устига, ҳозирданоқ бозорда буғдой 4 ярим минг сўмга чиқиб кетган”, дейди Самарқанд вилоятидаги дон корхоналаридан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда.

Унинг айтишича, ҳозир у ишлайдиган туман корхонаси омборида 2 ойга етадиган буғдой захираси бор.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, бу йил деҳқонлардан давлат буюртмаси асосида 1 миллион 800 минг тоннага яқин буғдой сотиб олиш режаланмоқда.

“Бу йил 1 миллион 783 минг тонна буғдой кутиляпти. “Ўздонмаҳсулот” бу буғдойнинг бир қисмидан ун ишлаб чиқаради, бир қисми заҳирага қолади. Бундан ташқари, 266 минг тонна уруғлик буғдой келади. Ҳозир акциядорлик жамияти омборларида захира етарли. Тармоқларда хабарини бердик. Биздан ташқари хусусий сектор буғдой ва ун олиб киряпти. Лекин, уларда бироз чеклов бор, чунки ташқарида сотишда чеклов қўйишган”, деди матбуот котиби Ғофуржон Қаршибоев.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, ўтган йили 2 миллион 533 минг тонна буғдой жамият омборларига тўкилган. Яъни бу йил давлат белгилаган паст нархда сотиб олинадиган буғдой ҳажми камайган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, бу йил июнь-июль ойларида 7 миллион 679 минг тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Ўтган йили 6 миллион 656 миллион тонна ҳосил олинган.​

1 июн куни Республика товар-хомашё биржасида ун илк бор очиқ биржа савдосига қўйилди.

Биржанинг маълум қилишича, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти таркибидаги 44 та корхона 10 минг тонна 1-навли унни савдога қўйган ва бунинг 8 минг 300 тоннаси сотилган.

“Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра, 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 млн 497,8 минг сўмни ташкил қилган. Биржада ун бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархи (4 241,9 минг сўм)га нисбатан 6 фоизга ўсган”, деб маълум қилди биржа.

Озодлик мобил мухбирларининг хабар қилишича, 2 июнга келиб, Тошкентда қолипли нон - халқ тилида “буханка” деб аталадиган нон 2 минг 800 сўмдан сотилган.

Юнусобод тумани деҳқон бозоридаги нархни ўрганган мобил мухбирга кўра, қолипли нон ортидан бошқа турдаги нон маҳсулотлари нархида ҳам 50 фоизга қадар ўсиш бор.

2 июнь куни бу ҳақда баёнот берган Молия вазирлиги мулозими, бозорларда нон ва ун нархининг ошганини ана шу сиёсий вазиятга боғлади ҳамда “бозор ўпкасини босиб олса” нарх тушишини башорат қилди.

XS
SM
MD
LG