Ссылки доступа

Путин Украина ўлганларнинг оилаларига 5 млн рублдан тўлашга оид фармонни имзолади


Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудидаги уруш ҳамда Суриядаги жанговар ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлган Миллий гвардия қўшинлари ҳамда ФСБ чегара хизмати ҳарбийлари оилаларига беш миллион рублдан тўлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Худди шундай сумма, фармонга мувофиқ, Украина ва Сурияда ҳалок бўлган россиялик “кўнгиллилар”нинг яқинларига ҳам берилади.

Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан буён Россия Мудофаа вазирлиги қурбонлар сонини икки марта очиқлаган, холос. Вазирликнинг 25 мартдаги сўнгги маълумотига кўра, Украинада 1351 нафар россиялик ўлган, 3825 нафари яраланган. Британия ҳарбий разведкаси баҳосига кўра, май ойи охирида Россия Украинада 15 минг чоғли одамини йўқотган. Украина Бош штаби қайдича, урушда ўлган россияликлар сони 30 мингдан ошган. Айни пайтда бу маълумотни тасдиқлаш ёки рад этиш имкони йўқ.

Аввалроқ Би-би-си рус хизмати Украина ҳудудидаги жангларда ҳалок бўлган россиялик 3052 нафар ҳарбийнинг исмларини тасдиқлатишга муваффақ бўлган. Журналистлар фикрича, қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан 40-60 фоизга кўпроқ бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG