Ссылки доступа

Самарқандда туристларга куч ишлатган ИИБ ходимларининг икки раҳбари ҳам ишдан бўшатилди


Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов вилоятда ўтказилган матбуот анжуманида Самарқандда туристларга электрошокер қўллаган ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракати юзасидан фикр билдирди. Бу тасвирланган видео Самарқанд ИИБ матбуот хизмати томонидан эълон қилди.

«Электрошокер масаласи бўйича биз чуқур хизмат текшируви ўтказдик. Уни кенг муҳокама қилдик. Электрошокер қўллаган икки ходим ҳам лавозимидан олинган. Прокуратура томонидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари кетаяпти. Бевосита йўриқнома беришда хатоликка йўл қўйгани учун унинг иккала раҳбари ҳам ишдан олинди», — деди Раҳмат Маматов.

Унинг сўзларига кўра, эндиликда ҳар бир ички ишлар ходими ёнида фуқаролар билан қандай муомала қилиш ва электрошокерни қай ҳолатларда қўллаш бўйича йўриқнома бўлади.

«Ким билан қандай муомалада бўлиш керак, булар бўйича биз қўлланма ишлаб чиқдик. Ҳар битта соҳа, яъни кўпроқ фуқаролар билан ишлайдиган профилактика тизими, йўл ҳаракати хавфсизлиги, патрул-пост хизмати билан битта раҳбар ўзи бориб кунлик йўриқнома ўтаяпти», — деди у.

Бундан ташқари, йил бошидан бери хизмат вазифасини етарли даражада бажармаган 11 нафар профилактика инспектори ишдан бўшатилган, 10 нафардан ортиғига эса интизомий жазо чораси қўлланилган.

«Кеча вилоят ИИБ фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлайдиган бошқарма бошлиғини ишдан олдим. Сабаби — нима учун фуқаро иккинчи марта овора бўлиб келиши керак? Нима учун унинг мурожаати вақтида телефон орқали етказилмади? Сизни мана шу мурожаатингиз ечими мана бунақа деб топилди, деб айтмайди», — дея танқид қилди бошқарма бошлиғи.

21 майга ўтар кечаси Самарқанд ИИБ Патруль-пост хизмати ходимлари бир неча сайёҳни, жумладан, Қозоғистондан келган фуқарони тўхтатиб, уларнинг ёнида ҳужжатлари бўлишига қарамасдан электрошокерларни қўллаган ҳолда мажбуран ички ишлар бўлимига шахсни тасдиқлаш учун олиб кетишганди.

Ходимлар сайёҳларга шаҳарда «Хавфсиз тун» тадбири ўтказилаётгани учун соат 23:00 дан кейин кўчада бўлиш тақиқлангани ва уларда «режа» борлигини айтишган. Сайёҳлар ҳужжатларини тақдим этиб, таксида кетишга рухсат беришларини сўраган.

Хабар тарқалганидан сўнг, Ички ишлар вазирлиги Самарқанд шаҳар ИИБ Патруль-пост хизмати ходимлари хизмат вазифасини ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганини маълум қилди.

Тергов давомида ИИБ ходимлари сайёҳларга нисбатан ноқонуний тарзда куч ишлатгани тасдиқланиб, икки нафари ишдан бўшатилди. Прокуратура уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят ишини қўзғатди.

XS
SM
MD
LG